Logo

Ўзбекистоннинг янги элчиси Германия Федерал президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Октябрь 26, 2023. 09:18 • 1 дақ

3649
Ўзбекистоннинг янги элчиси Германия Федерал президентига ишонч ёрлиқларини топширди

БEРЛИН, 26 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг янги тайинланган Мавқулодда ва Мухтор элчиси Дильшод Ахатов Германия Федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайерга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тақдимот маросимидан сўнг бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистон-Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.


Германия раҳбари  сўнгги йилларда икки томонлама муносабатларнинг жадаллашгани ва шериклик кенг кўламли йўналишларини қамраб олганини мамнуният билан қайд этди, шунингдек, ГФР Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.


Франк-Вальтер Штайнмайерга Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига муваффақият ва фаровонлик тилади.


Германия Федерал президенти қароргоҳида бўлиб ўтган ишонч ёрлиқларини топшириш маросими якунида ҳарбийлар юксак ҳурмат бажо келтирган ҳолда, Ватанимиз байроғини баланд  кўтаришди.


Эслатиб ўтамиз, Дилшод Ахатов Берлинга тайинланганига қадар 2020-2023 йиллар Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасига раҳбарлик қилган.  У 51 ёшда. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Москва давлат халқаро муносабатлар институтини тамомлаган.


ТИВ тизимида стажёр сифатида иш бошлаган, бошқарма ва Бош бошқарма бошлиғи, ташқи ишлар вазири ўринбосаригача бўлган босқичларни босиб ўтган. 2010-2013 йилларда Германияда элчи, шунингдек, Швейцария, Чехия, Швеция ва Испанияда ўриндошлик асосида элчи бўлиб ишган.


Дилшод Ахатов 2017-2023 йилларда мамлакатимизнинг Германиядаги дипломатик миссиясига раҳбарлик қилган Набижон Қосимов ўрнини эгаллади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш