Logo

"El Mundo Financiero": Ўзбекистон маҳсулотлари экспорт қилинадиган мамлакатлар сони 85 тага етди

Апрель 04, 2025. 09:13 • 2 дақ

74
"El Mundo Financiero": Ўзбекистон маҳсулотлари экспорт қилинадиган мамлакатлар сони 85 тага етди

МАДРИД, 4 апрель. /"Дунё" АА/. Испаниянинг "El Mundo Financiero" онлайн нашрида "2017-2023 йилларда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2,4 баробар ошди" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш ва иқтисодиётнинг экспортга йўналтирилган тармоқлари рақобатбардошлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар фаол амалга оширилаётгани таъкидланган. Хусусан, ички ресурслардан самарали фойдаланиш, саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш ва истиқболда иқтисодий ўсиш ва мамлакатимизнинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган инновацион ечимларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

"2023 йилда Ўзбекистон мева-сабзавот, қимматбаҳо металлар, тўқимачилик, мис маҳсулотлари, автомобиль бутловчи буюмларини хорижга экспорт қилди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи савдоси барқарор ўсиш суръатларини кўрсатмоқда", – дейилган мақолада.

Бундан ташқари, Ўзбекистон жаҳон бозорида бир қатор маҳсулотлар бўйича салмоқли қиёсий устунликка эга. Чунончи, соф пахта иплари экспорти бошқа мамлакатлардаги кўрсаткичлардан 172 фоизга, ипак газламалар 85 фоизга, молибден 79 фоизга, буғдой унидан 65 фоизга, узум маҳсулотлари 39 фоизга кўп.

Қайд этилишича, 2023 йилда Ўзбекистон ўз экспорти географиясини сезиларли даражада кенгайтириб, 10 дан ортиқ янги бозорларга, жумладан, Австралия, Янги Зеландия, Сингапур, Колумбия ва Индонезияга чиқди. Шу тариқа, Ўзбекистон маҳсулотлари экспорт қилинадиган мамлакатлар сони 85 тага етди.

2024 йил бошидан буён Ўзбекистонда етиштириладиган мева-сабзавот маҳсулотларига, шунингдек, улардан тайёрланадиган турли сироп ва шарбатларга талаб юқори бўлди. Маҳсулотлар айниқса Буюк Британия, Ҳиндистон, Канада, АҚШ, Таиланд ва Австралия каби мамлакатларга фаол экспорт қилинмоқда.

"Экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш мамлакат тараққиётининг йўналишларидан биридир. Бу Ўзбекистон иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудлари экспорт салоҳиятини ошириш ва улардан самарали фойдаланиш, инвестицияларни, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш орқали амалга оширилади", – деб таъкидланган мақолада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш