Жиззахда тош даврига оид янги ёдгорликлар топилди

Октябрь 07, 2026. 20:30 • 3 дақ

• 168
Жиззахда тош даврига оид янги ёдгорликлар топилди

ЛОНДОН, 7 октябрь. /“Дунё” АА/. Британиянинг нуфузли “Heritage Daily” нашрида Жиззах вилоятида топилган тош даврига оид қадимий ёдгорликлар ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда ёзилишича, Жиззах вилоятида олиб борилган археологик тадқиқотлар давомида тош даврига оид қатор янги археологик ёдгорликлар ва қадимий қоятош суратлари аниқланган. Топилмалар ушбу ҳудудда инсон фаолияти минглаб йиллар давомида узлуксиз давом этганини кўрсатиши билан аҳамиятли.

Жорий йил сентябрь ойида Маданий мерос агентлиги ҳамда Самарқанд археология институти мутахассислари Зомин ва Шароф Рашидов туманларида археологик қидирув ишларини олиб борди. Тадқиқотлар натижасида Зомин воҳаси ва Туркистон тоғ тизмаси ёнбағирларида илгари номаълум бўлган бир нечта тош даври манзилгоҳлари аниқланди.

Жумладан, Зомин туманидаги Аччи қишлоғининг шарқий қисмида палеолит даврига, Пешагор қишлоғи яқинида эса неолит даврига оид манзилгоҳ топилган. Аччининг ғарбий қисми ва Аржа қишлоғи атрофидан ҳам неолит даврига тегишли артефактлар аниқланган.

Мақолада қайд этилишича, палеолит ва неолит даврларига оид манзилгоҳларнинг бир ҳудудда учраши олимлар учун муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳолат Зомин воҳаси ва унинг тоғли ҳудудлари қадимги инсонлар учун турли даврларда яшаш ва табиий ресурслардан фойдаланиш учун қулай бўлганини кўрсатади. Янги топилмалар қадимги аҳолининг ҳаракатланиш йўналишлари, яшаш жойлари ва хўжалик фаолиятини ўрганишга ёрдам бериши мумкин.

Тадқиқотлар давомида Шароф Рашидов туманидаги Равот қишлоғи яқинида ҳам муҳим археологик объект аниқланди. Равотсой дарёсининг сўл соҳилидаги сланец қояларида илгари қайд этилмаган петроглифлар мажмуаси топилган.

Шунингдек ўқинг

Ҳозирга қадар еттита қоя юзасида 30 га яқин тасвир ҳужжатлаштирилган. Улар орасида овчи, тоғ эчкиси, хонаки чорва ҳайвонлари ва ит тасвирлари бор. Айниқса, камондан ўқ узатаётган овчи сурати диққатга сазовор. Қоялардан бирида қуёш рамзига ўхшаш белгининг ҳам аниқлангани қадимги одамларнинг дунёқараши ва эътиқодларини ўрганиш учун қизиқ маълумот беради.

Мутахассисларнинг дастлабки хулосасига кўра, петроглифлар турли даврларда – эҳтимол, бронза давридан илк ўрта асрларгача бўлган вақт оралиғида яратилган. Уларнинг аниқ санасини белгилаш учун қўшимча тадқиқотлар талаб этилади.

Янги археологик топилмалар Жиззах вилоятининг қадимги тарихини янада чуқурроқ ўрганиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Келгусида олимлар аниқланган объектларда кенг кўламли археологик тадқиқотлар ўтказиб, топилмаларнинг ёши, маданий аҳамияти ва уларнинг Марказий Осиёдаги бошқа қадимий ёдгорликлар билан алоқасини ўрганишни режалаштирмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш