Logo

Американинг нуфузли «Forbes» журнали Ўзбекистонни энг яхши сайёҳлик йўналишлари рўйхатига киритди

Декабрь 28, 2023. 19:41 • 2 дақ

753
Американинг нуфузли «Forbes» журнали Ўзбекистонни энг яхши сайёҳлик йўналишлари рўйхатига киритди

ВАШИНГТОН, 29 декабрь. /«Дунё» АА/. АҚШнинг машҳур «Forbes» журналида 2024 йилда албатта бориб кўриш керак бўлган дунёдаги ажойиб сайёҳлик йўналишларга бағишланган мақола босилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда Ўзбекистон 2024 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши йўналишлар рўйхатига киритилган.  Хусусан, «Forbes» молиявий-иқтисодий журнали ўз ўқувчиларига Ўзбекистонни 2024 йилда ташриф буюриш учун энг яхши жойлардан бири сифатида қайд этиб, юртимизга саёҳат қилишга тавсия этмоқда.


Мақолада дунёдаги етакчи «Lonely Planet» сайёҳлик нашри вице-президенти Том Холлнинг қуйидаги сўзлари иқтибос ўрнида келтирилган: «Ўзбекистонда Ипак йўлининг энг яхши сақланиб қолган тарихий обидаларини, шунингдек, ажойиб тоғлар ва истиқболли пойтахти Тошкентни кўришингиз мумкин».


Шунингдек, мақолада мамлакат ҳудудлари бўйлаб саёҳат қилиш учун қулай ва арзон поезд хизматлари йўлга қўйилгани маълум қилинган. «АҚШдан Ўзбекистонга саёҳат қилувчилар учун Нью-Йорк шаҳридан ҳафтасига бир нечта тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилган. Шунингдек, Сеул ва Истанбул орқали ҳам бориш ҳам сайёҳлар учун қулайликлар яратади», - дейилади нашрда.


Қайд этиш керакки, «Forbes» Ўзбекистонни 2022 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши 50 та ҳудудлар рўйхатига киритган эди.


Эслатиб ўтамиз, «Forbes» журнали дунёдаги энг нуфузли иқтисодий нашрлардан биридир. «Forbes» АҚШда 900 минг нусхадан ортиқ адади билан «Bloomberg Businessweek»дан кейин иккинчи йирик бизнес журнали ҳисобланади. Журнал ишбилармонлик оламидаги дадил изланишлари ва воқеаларга объектив баҳо бериш, шунингдек, турли рўйхатлар ва рейтингларни эълон қилиб бориши туфайли ҳам эътирофга сазовор бўлган. Журналнинг ҳар бир сонида компаниялар ва  уларнинг ижодкор менежерлари ҳақида 60 дан ортиқ таҳлилий мақолалар чоп этилади. «Forbes»нинг умумий аудиторияси бутун дунё бўйлаб салкам 5 миллион кишини ташкил қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш