Украина ОАВ: Ўзбекистонда мусиқа анъаналари оилаларда авлоддан авлодга мерос қолади
Май 24, 2026. 10:55 • 2 дақ
• 82
КИЕВ, 24 май. /“Дунё” АА/. Украинанинг “Kyiv Diplomatic” журналида “Ипак йўли анъаналари: Ўзбекистон мусиқаси ва ҳунармандчилиги ҳақида” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, нуфузли “Euronews” халқаро ахборот портали Ўзбекистоннинг анъанавий мусиқий меросини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, миллий чолғу асбобларининг мамлакат маданий ҳаётидаги ўрни хусусида махсус материал тайёрлаган. Нашр тарихий Ипак йўли бўйлаб сақланиб қолган ҳунармандчилик анъаналари, оғзаки ижрочилик санъати ва авлодлар ворислигига алоҳида эътибор қаратган.
Материалда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида мусиқа анъаналари устоз-шогирд мактаблари, ижрочилар ва таълим ташаббуслари туфайли изчил ривожланмоқда. Хусусан, Андижонда анъанавий чолғу асбобларини ясаш санъатини қайта тиклашга катта урғу берилмоқда.
Ушбу санъатнинг жонкуяр вакилларидан бири – ярим асрдан ортиқ вақт давомида дутор, танбур, ғижжак ва бошқа миллий чолғуларни ясаб келаётган уста Абдумалик Мадраимовдир. Унинг устахонаси нафақат ишлаб чиқариш маркази, балки Темурийлар даврига оид тарихий чолғу намуналари қайта тикланадиган ва ёшларга ҳунармандчилик сирлари ўргатиладиган ўзига хос маҳорат маскани ҳисобланади.
Қорақалпоғистонда эса мусиқа чолғуларини, хусусан, қобизни қўлда ясашнинг ноёб анъаналари давом этмоқда. Ҳунармандлар фақат табиий материаллар ва анъанавий технологиялардан фойдаланади, бу борадаги тажриба эса оилаларда сулолавий тарзда мерос қолдирилади.
“Kyiv Diplomatic” Ўзбекистоннинг анъанавий мусиқий чолғулари тарихий мерос, ижрочилик санъати ва миллий ўзликни мужассам этган ҳолда мамлакатнинг замонавий маданий ҳаётининг ажралмас ва муҳим қисми бўлиб қолаётганини ҳам алоҳида ёритган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




