Logo

Ҳиндистонда оммабоп журналнинг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони чоп этилди

Ноябрь 14, 2023. 17:32 • 2 дақ

123
Ҳиндистонда оммабоп журналнинг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони чоп этилди

ДЕҲЛИ, 14 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси ва "Business Central Asia" журнали таҳририяти ҳамкорлигида ушбу нашрнинг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Журнал Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясидаги нутқининг тўлиқ матни билан бошланган. Шунингдек, махсус сонда давлатимиз раҳбарининг БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг жорий йил 16-20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган 25-сессиясида илгари сурган ташаббуслари мазмун-моҳиятига бағишланган мақола ҳам чоп этилган.


Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Оқил Салимов қаламига мансуб "Буюк мақсадлар билан буюк келажак сари" сарлавҳали мақолада 2017 йил Ўзбекистон тарихида давлатнинг изчил ривожланиши билан ажралиб турадиган мутлақо янги босқич бошлангани ҳақида ҳикоя қилинган. "Чунки бу ўзига хос таҳлилий тафаккурга, сиёсий иродага эга, замон билан ҳамнафас, миллий хусусиятлар билан бир қаторда жаҳон давлатчилигининг илғор тажрибасини ҳам ҳисобга оладиган кучли шахснинг ўрни билан бевосита боғлиқдир", деб таъкидлаган мақола муаллифи.


Шунингдек, журналда Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшан Алимов ва Марказий Осиё халқаро институти директори ўринбосари Ботир Турсуновнинг Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий сиёсатига бағишланган мақолалари ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.


Шу билан бирга, Ўзбекистон иқтисодиётида амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёни, мамлакатимизга хорижий сармоядорлар қизиқишининг ўсишига асос бўлаётган изчил ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, Тошкентда бўлиб ўтган камбағалликни қисқартириш масалаларига бағишланган иккинчи халқаро форум ҳақидаги мақолалар ҳам махсус сон мазмундорлигини оширган.


Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова муаллифлигидаги мақола Ўзбекистонда судланганлар ва маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш ва жамоат назоратини кучайтириш масалаларига бағишланган.


Журнал саҳифаларидан Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг мамлакатимизда атом ва "яшил" энергия ҳосил қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, "Шарқ аёли" хотин-қизлар халқаро жамоатчилик жамғармаси раиси Саодат Турсунбоеванинг парламент ҳаётида хотин-қизлар иштироки, сиёсатчи Қаҳрамон Қуронбоевнинг ёшлар сиёсати бўйича ўзбек модели, "Янги медиа" таълим маркази директори Беруний Алимовнинг Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ислоҳотларга бағишланган ранг-баранг мақолалари жой олган.


Маълумот учун, "Business Central Asia" ойлик журнали 2007 йилдан бери нашр этилади. Нашрнинг адади 40 000 нусхадан ошади. Мустақил нашр сифатида Марказий Осиё мамлакатларида рўй бераётган воқеалар ва Ҳиндистоннинг улар билан ўзаро ҳамкорлиги масалаларини ёритишга ихтисослашган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш