Logo

"24.kg" АА: Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида "Фарғона водийсининг олтин сайёҳлик ҳалқаси" яратилади

Апрель 11, 2025. 07:10 • 58 сония

66
"24.kg" АА: Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида "Фарғона водийсининг олтин сайёҳлик ҳалқаси" яратилади

ЎШ, 11 апрель. /"Дунё" АА/. Қирғизистоннинг "24.kg" ахборот агентлиги "Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон қўшма туристик йўналиш яратмоқчи" сарлавҳали мақолани тарқатди, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Нашрда жорий йилнинг 31 март куни Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон давлат раҳбарларининг уч томонлама саммити доирасида "Наврўз – минтақадаги энг қадимий маданий-сайёҳлик мероси" мавзусида минтақавий сайёҳлик форум-мулоқоти ташкил этилгани таъкидланган.

Қайд этилишича, форумда Ўзбекистон қўшни давлатлар билан маданий, тарихий, ва табиий ёдгорликлар хилма-хиллиги билан танишиш имконини берувчи янги сайёҳлик йўналишини яратиш таклифини илгари сурган.

"Жумладан, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг ноёб табиий қўриқхона, тоғ тизими ва кўллари, шунингдек, қадимий шаҳарлари ва бошқа диққатга сазовор жойларига ташриф буюришни ўз ичига олган "Фарғона водийсининг олтин сайёҳлик ҳалқаси"ни яратиш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, анжуманда мамлакатларимизда ўтказиладиган байрам тадбирларини бирлаштирувчи "Наврўз – Марказий Осиё қалбида" деб номланган қўшма маданий-сайёҳлик йўналишини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди", – дейилган нашрда.

"24.kg" АА мақоласида "Наврўз қўшни мамлакатлар муштарак тарихининг ажралмас қисми, минтақанинг энг муҳим сайёҳлик ва маданий мероси сифатида Марказий Осиёда ноёб ҳамда ўзига хос туризмни шакллантиришга асос бўлиши мумкин", – деб ёзилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш