“Associated Press Of Pakistan” АА: Ўзбекистонда ҳукумат қарори билан экологик, ижтимоий ва бошқарув стандартларини жорий этиш тартиби белгиланди
Июль 18, 2026. 10:00 • 3 дақ
• 118
ИСЛОМОБОД, 18 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг марказий “Associated Press Of Pakistan” ахборот агентлиги “Яшил иқтисодиёт, ижтимоий барқарорлик ва шаффоф бошқарув: Ўзбекистон тараққиётининг янги формуласи” сарлавҳали мақолани тарқатди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти экспертлари мақоласида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, “яшил” иқтисодиётга ўтиш сиёсати, барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсадлар, “яшил” таксономия, MRV тизими, давлат иштирокидаги корхоналарнинг ESG ҳисоботдорлиги, ижтимоий ҳимоя, маҳалла институтини ривожлантириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари давлат сиёсатининг ягона ва ўзаро уйғун тизимини шакллантираётгани таъкидланган.
Мақолада ёзилишича, ESG тамойилларини институционал жиҳатдан янада мустаҳкамлашнинг янги босқичи Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан белгилаб берилди. Ушбу ҳужжат экологик, ижтимоий ва шаффоф бошқарув (ESG) тамойилларини жорий этиш, ESG ҳисоботларини тайёрлаш ҳамда барқарор ривожланишга оид ахборотларни ошкор этиш тартибини тасдиқлади. Шу тариқа, Ўзбекистонда ESG умумий стратегик ёндашувдан амалий ижро, мониторинг ва ҳисобот беришнинг аниқ механизмига айланмоқда.
“Энг ривожланган йўналиш, аввало, экологик йўналиш ҳисобланади. Сув ресурслари танқислиги, иқлим ўзгаришига юқори даражада таъсирчанлик, Орол фожиасининг оқибатлари ва энергетика соҳасини модернизация қилиш эҳтиёжини инобатга олганда, Ўзбекистон учун «яшил» иқтисодиётга ўтиш объектив заруратдир”, – дейилган мақолада.
ESG кун тартибининг самарадорлигини таъминлашда бошқарув сифати ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бугунги кунда инвесторлар ишончи нафақат макроиқтисодий кўрсаткичларга, балки давлат институтларининг шаффофлиги, корпоратив бошқарув сифати, ахборотларнинг очиқлиги ва давлат сиёсатининг барқарор ҳамда прогноз қилина олиш хусусиятига ҳам боғлиқ.
Бу йўналишда Ўзбекистон сезиларли натижаларга эришмоқда. Давлат органлари фаолиятини KPI кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими, рақамли мониторинг, коррупцияга қарши кураш сиёсати, давлат иштирокидаги корхоналарнинг ESG ҳисоботдорлиги, шунингдек, иссиқхона газлари чиқиндилари ҳамда ESG кўрсаткичларини ҳисобга олиш учун иқлим ва ESG соҳасидаги миллий ўлчаш, ҳисобот бериш ва верификация (MRV) тизими изчил ривожлантирилмоқда.
“Ўзбекистон учун ESG ташқи чақириқ ёки шиор эмас, балки мамлакат тараққиётининг ички мантиғи ҳисобланади. У иқтисодий ўсишни масъулият билан, инвестицияларни ишонч билан, ислоҳотларни ҳаёт сифати билан, миллий манфаатларни эса янги жаҳон иқтисодиёти талаблари билан уйғунлаштирувчи самарали механизм вазифасини бажаради”, – дея қайд этган ахборот агентлиги.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси