Исроиллик журналист Ўзбекистонни сайёҳлар учун жаннат деб атади ва мамлакатнинг машҳурлиги ошишини башорат қилди

Июль 18, 2026. 12:00 • 2 дақ

37
Исроиллик журналист Ўзбекистонни сайёҳлар учун жаннат деб атади ва мамлакатнинг машҳурлиги ошишини башорат қилди

ТЕЛЬ-АВИВ, 18 июль. /“Дунё” АА/. Исроилнинг “Israel Hayom” газетасида саёҳатчи блогер Ори Лироннинг Ўзбекистонга қилган сафари таассуротларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Муаллифнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлардаги бетакрор обидалар, мамлакатдаги қулай ва арзон туристик инфратузилма, миллий таомлар, замонавий темир йўл тизими ҳамда аҳолининг меҳмондўстлиги сайёҳларни ҳайратлантирмай қолмайди.

Нашрда ёзилишича, Ўзбекистон дунёдаги энг қадимий ва ўзига хос тарихга эга мамлакатлардан бири бўлиб, минг йиллар давомида турли империя ва давлатлар ҳукмронлик қилган ушбу заминнинг бой мероси меъморчилик ва маданий ёдгорликларда ўз аксини топган.

Блогер фикрича, Тошкентга келган илк дақиқаларданоқ мамлакатда саёҳат қилиш учун яратилган қулай шароитлар ҳар қандай кишининг эътиборини тортади. У пойтахтдаги транспорт хизматларининг қулайлиги, саёҳат харажатларининг арзонлигини алоҳида қайд этган.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, у бу ердаги ўзбек миллий таомларини, айниқса, паловни мамлакатнинг гастрономик рамзи сифатида эътироф этган. Унинг фикрича, ўзбек ошхонаси Шарқ анъаналари ва гўштли таомлар уйғунлиги билан ажралиб туради ҳамда дунё гастрономиясида алоҳида ўрин эгаллайди.

У Бухорога саёҳати ҳақида сўз юритар экан, ушбу шаҳарни Буюк ипак йўлининг энг муҳим марказларидан бири сифатида таърифлади. Бухородаги меъморий обидаларнинг нафислиги, безакларининг бойлиги ва ҳар бир деталга берилган эътибор унда катта таассурот қолдирганини айтган.

Мақолада Бухородаги яҳудий жамоаси ҳаёти, мусулмонлар ва яҳудийларнинг тинч-тотув яшаши, юртимиздаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Муаллиф Ўзбекистонни Исроил фуқаролари учун хавфсиз, қулай ва жозибадор туристик йўналиш сифатида тавсия қилиб, яқин келажакда ушбу мамлакат исроилликлар орасида энг оммабоп сайёҳлик манзилларидан бирига айланишини таъкидлаган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш