"Society" журнали: Коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли ишлар Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига қулай шарт-шароитлар яратмоқда
Сентябрь 10, 2024. 17:05 • 2 дақ
• 2095
ВЕНА, 10 сентябрь. /"Дунё" АА/. Австриянинг "Society" журналида Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирларга бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда ёзилишича, миллий хавфсизликни таъминлашнинг алоҳида стратегик таркибий қисми коррупцияга қарши қатъий курашдир. Таҳлилларга кўра, ҳозирда дунёда коррупциядан кўрилган зарар қарийб 3 триллион долларни ташкил этади.
"2017 йил январь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунни имзолади. Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлат раҳбари ўзининг ҳар бир мурожаатида айбдор шахсларни қонуний жавобгарликка тортиш, профилактика чора-тадбирлари тизимини кучайтириш зарурлиги, коррупцияга қарши бутун жамият томонидан курашиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратмоқда", – дейилади мақолада.
Халқаро экспертларнинг қайд этишича, Ўзбекистон сўнгги йилларда коррупцияни идрок этиш кўрсаткичи яхшиланиш суръати бўйича минтақада етакчига айланган ягона давлатдир. Бу 2017 йилдан буён коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишлардан бири сифатида эътироф этилаётганини яна бир марта исботлайди.
Шунингдек, нашрда Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ижтимоий аҳамиятга эга маълумотларнинг белгиланган ресурсларга ўз вақтида жойлаштирилиши юзасидан доимий мониторинг тизими жорий этилгани хабар қилинган. Ушбу фаолият натижасида давлат органларининг расмий ресурсларига 950 дан ортиқ очиқ маълумотлар жойлаштирилди.
Мақола хулосасида "Юқорида қайд этилган ислоҳотларни амалга ошириш давлат органлари, тадбиркорлик соҳаси вакиллари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигида тизимли чора-тадбирларни қабул қилиш орқали амалга оширилмоқда. Коррупцияга қарши тизимли курашиш Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишга, шунингдек, мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга кўмаклашишга қаратилган", – деб таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси