Қозоғистон Ўзбекистонга нефть экспорт қилишга қизиқиш билдирмоқда
Май 25, 2026. 15:55 • 2 дақ
• 46
ОСТОНА, 22 май /“Дунё” АА/. Қозоғистон Ўзбекистонга нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб беришни бошлаш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Dprom” нашрига таяниб.
Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженов Остонада бўлиб ўтаётган “RES 2026” минтақавий экологик саммити чоғида маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон Россия нефти ва газини Ўзбекистонга транзит қилишдан ташқари, қўшни мамлакатга ўзининг хом нефти ва нефть маҳсулотларини етказиб беришга ҳам тайёр. Айни пайтда бу масала ўрганилмоқда. Шунингдек, томонлар нефть-кимё ва нефтни қайта ишлаш қувватларини модернизация қилиш соҳасидаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилмоқда.
Таъкидланишича, Ўзбекистон энергия ресурслари импортини оширишда давом этмоқда. Давлат божхона қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида нефть ва нефть маҳсулотлари импорти ҳажми ўтган йилнинг мос давридаги 315,9 миллион долларга нисбатан 42,2 фоизга ортиб, 449,1 миллион долларни ташкил қилган.
Мазкур даврда мамлакатга бензин етказиб бериш икки баробардан зиёдга ўсиб, 428,2 миллион литрга, дизель ёқилғиси импорти эса 38 фоизга ошиб, 125,5 минг тоннага етган.
Аввалроқ, Россия бош вазири Михаил Мишустин Москва ва Тошкент нефть ва газ етказиб беришни давом эттириш ҳамда уларнинг ҳажмини янада оширишга келишиб олганини маълум қилганди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




