Logo

Қозоғистон ОАВ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган юксак натижалар ҳақида ёзмоқда

Ноябрь 24, 2024. 10:46 • 2 дақ

127
Қозоғистон ОАВ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган юксак натижалар ҳақида ёзмоқда

ОСТОНА, 25 ноябрь. /"Дунё" АА/. Қозоғистоннинг "Инфозакон" электрон нашрида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг "Ислоҳот ва инновациялар Янги Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратмоқда" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистон Президентининг "Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармони билан мазкур соҳани замон талаблари асосида ислоҳ қилишнинг 9 та устувор йўналишлари белгилаб берилгани таъкидланган. Бундан ташқари, сўнгги 3 йил ичида соҳани реформа қилиш ва бозор муносабатларини жорий қилиш бўйича республика раҳбарининг 6 та фармони ҳамда 9 та қарори қабул қилингани ҳам айтиб ўтилган.

Қайд этилишича, соҳадаги ислоҳотлар натижасида пахтачилик, ғаллачилик, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, пиллачилик ва ипакчиликда тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, соҳада қўшилган қиймат яратиш ва уни рағбатлантириш, маҳсулотларни эркин бозорда сотиш бўйича янги механизмлар жорий қилинди.

 Шунингдек, мақолада ишни янгича ташкил этиш орқали ғалла экиладиган очиқ майдонларга тежамкор сеялкаларда уруғ қадалаётгани, экин ерлари лазерли усулда текисланаётгани, ғалла экиш ишлари 10-12 кун эрта якунланаётгани, кўчат сони гектарига 4,8-5,5 миллион донани ташкил этгани, соҳада қўлланилган инновацион ишланмалар ва илм-фан ютуқлари ҳисобига дон етиштириш йилдан йилга ошаётгани қайд этилган.

Шоличиликда такрорий майдонларга экиш миқдори 78 фоизни ташкил этди. Замонавий технологиялар ёрдамида 30 фоизгача сув ва 50 фоизгача уруғлик шоли тежалди.

"Қишлоқ хўжалиги соҳасида аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш устувор йўналишлардан бири бўлиб қолади", – деб ёзилган мақола хулосасида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш