Россия ОАВ: Бекобод туманида Бошқирдистон билан технопарк бунёд этилади
Февраль 18, 2026. 19:10 • 2 дақ
• 386МОСКВА, 24 февраль. /“Дунё” АА/. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ва Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов бошчилигидаги делегациянинг Бошқирдистонга ташрифи рус оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Россия ахборот агентликларининг хабар беришича, Бошқирдистон раҳбари Радий Хабиров ва Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ўртасида учрашув ўтказилган. Унда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Маълумотларга кўра, ишбилармонлик учрашувлари доирасида томонлар аллақачон амалга оширилаётган ва режалаштирилган қўшма лойиҳаларни муҳокама қилган.
Қайд этилишича, асосий лойиҳалардан бири Тошкент вилоятининг Бекобод туманида ташкил этиладиган Ўзбекистон–Бошқирдистон технопарки ҳисобланади. Унинг қурилишини 2026 йилнинг баҳорида бошлаш режалаштирилган. Шу билан бирга, Тошкент вилоятида Бошқирдистон асаларичилик илмий-тадқиқот маркази иштирокида ташкил этилаётган апитерапия маркази очилади.
Бундан ташқари, Бошқирдистоннинг Игли туманида ўзбекистонлик инвесторлар чорвачилик соҳасида кенг кўламли лойиҳани амалга оширишни, Уфада эса меҳмонхона қуришни режалаштирмоқда. Шунингдек, Бошқирдистонда маиший техника ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имконияти муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Бошқирдистоннинг асосий ташқи иқтисодий ҳамкорларидан бири экани алоҳида таъкидланган. 2017 йилдан буён ҳудудлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми уч баробар ошди.
Маълум қилинишича, ташриф давомида Тошкент вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация Бошқирдистоннинг ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектларида бўлди.
Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, томонлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кейинги қадам Бошқирдистон делегациясининг шу йил апрель ойида Ўзбекистонда ўтказиладиган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро конференциясида иштирок этиш бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


