Новгород давлат университети талабалари Ўзбекистонда амалиёт ўташ имконига эга бўлади

Май 24, 2026. 10:00 • 2 дақ

140
Новгород давлат университети талабалари Ўзбекистонда амалиёт ўташ имконига эга бўлади

МОСКВА, 24 май. /“Дунё” АА/. Новгород давлат университети талабалари келгусида Ўзбекистонда амалиёт ўташ ва сунъий интеллект йўналишида стартаплар ривожлантириш имкониятига эга бўлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Университет сайтида маълум қилинишича, “Валдай” инновацион илмий-технологик марказида НовДУ биринчи проректори Юрий Данейкин ва “School 21 Uzbekistan” таълим муассасаси ижрочи директори Зарина Лухманова ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.

Келишувга мувофиқ, НовДУ талабалари халқаро хакатонларда иштирок этиш, Ўзбекистонда амалиёт ўташ, нейрон тармоқлар бўйича қўшма таълим дастурларида қатнашиш ва IT-стартапларни ривожлантириш имкониятига эга бўлади.

Юрий Данейкиннинг таъкидлашича, “School 21 Uzbekistan” билан ҳамкорлик юқори малакали IT мутахассисларини тайёрлаш ва икки мамлакатнинг юқори технологияли тармоқлари учун кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.

Нашрда қайд этилишича, ҳамкорлик дастури беш йилга мўлжалланган. Шу давр мобайнида томонлар сунъий интеллект соҳасида қўшма таълим модуллари, рақамли мутахассислар учун малака ошириш дастурлари, талабалар алмашинуви ва стажировкаларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Шунингдек, қўшма хакатонлар, семинарлар ва IT-стартапларни қўллаб-қувватлаш ташаббуслари ҳам амалга оширилади.

Зарина Лухманованинг фикрича, бугунги кунда Ўзбекистонда IT соҳасини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд. Унинг айтишича, қўшма лойиҳалар ҳар икки мамлакатда рақамли кадрлар тайёрлаш сифатини янги босқичга олиб чиқиши мумкин.

“Бугун биз катта тарихнинг бошланишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ҳамкорлигимиз учта асосий йўналишга таянади: Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, рақамли технологиялар соҳасида қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш ва инсон капиталини ривожлантириш”, — деди Зарина Лухманова.

Мақолада таъкидланишича, битим имзоланиши билан ҳамкорлик бўйича кенг қамровли “Йўл харитаси” ишга туширилди. Яқин вақт ичида томонлар биринчи пилот таълим гуруҳларини шакллантириш ва қўшма хакатонларга тайёргарлик кўриш учун махсус ишчи гуруҳлар тузади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш