“The Times of Central Asia”: Ўзбекистон акциялари Лондон ва Тошкент биржасида жойлаштирилди
Май 24, 2026. 14:25 • 2 дақ
• 65
БИШКЕК, 24 май /“Дунё” АА/. Қирғизистонда чоп этиладиган “The Times of Central Asia” нашрида Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси акциялари бир вақтнинг ўзида Лондон ва Тошкент фонд биржаларида жойлаштирилгани ҳақида мақола эълон қилинди.
Нашрнинг таъкидлашича, бу ҳолат мамлакатнинг жаҳон капитал бозорларига янада чуқур интеграциялашаётгани ва инвестиция муҳитини либераллаштираётганини кўрсатади.
Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасининг 31 фоиз акцияси халқаро ва маҳаллий инвесторларга таклиф қилинган. Натижада, 603,6 миллион доллар маблағ жалб этилган. Агар қўшимча жойлаштириш тўлиқ амалга ошса, умумий маблағ 692 миллион долларгача етиши мумкин. Жамғарманинг умумий қиймати эса тахминан 1,95 миллиард доллар деб баҳоланган.
IPOга инвесторлар томонидан катта қизиқиш билдирилган бўлиб, умумий талаб 2,8 миллиард доллардан ошган. Бу Ўзбекистон иқтисодиёти ва ислоҳотларга бўлган ишонч ортиб бораётганини англатади.
Жойлаштириш жараёнини “Franklin Templeton” компанияси бошқарган. Инвесторлар орасида “BlackRock”, “Franklin Resources” ва “Redwheel” каби йирик халқаро фондлар ҳам бор. Акциялар Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан сотилган ва тушум давлат бюджетига йўналтирилади.
Мақолада ёзилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро инвесторлар учун янада очиқ ва ишончли мамлакатга айланмоқда. Иқтисодиёт ҳажми сезиларли ўсган, корпоратив бошқарув ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими ҳам яхшиланган.
Таҳлилчилар фикрича, акцияларнинг икки биржада бир вақтда жойлаштирилиши Ўзбекистоннинг жаҳон молия тизимига интеграциясида муҳим қадам бўлди. Бу келгусидаги хусусийлаштириш жараёнлари учун ҳам муҳим тажриба ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

“Eurasia Magazine”: Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли минтақавий савдони янги босқичга чиқармоқда



