Logo

“The World News”: 2026 йилда Ўзбекистон тўқимачилик саноатида экспорт ҳажмини 3,3 миллиард долларга етказмоқчи

Декабрь 24, 2025. 18:17 • 2 дақ

224
“The World News”: 2026 йилда Ўзбекистон тўқимачилик саноатида экспорт ҳажмини 3,3 миллиард долларга етказмоқчи

ИСЛОМОБОД, 26 декабрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммабоп “The World News” электрон нашри Президент Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни тўқимачилик саноатида 2025 йил якунлари ҳамда келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан тақдимот билан танишгани ҳақида ёзди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда таъкидланганидек, тақдимотда жорий йилда тармоқда эришилган натижалар, ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларининг ўсиш динамикаси, шунингдек, 2026 йилга мўлжалланган мақсадли режалар атрофлича кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, 2025 йилда тўқимачилик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 134 триллион сўмни ташкил этган. Хорижий инвестицияларни ўзлаштириш 2,1 миллиард долларга етган. Экспорт ҳажми эса 2,5 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш таъминланган. Тармоқда банд аҳоли сони 623 минг нафарга етгани, келгуси йилда ушбу кўрсаткични 650 минг нафаргача ошириш имконияти мавжудлиги таъкидланди.

2026 йилда пахта хомашёсини қайта ишлашни янада чуқурлаштириш ҳамда газлама, трикотаж ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш кўзда тутилган. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 147 триллион сўмга, экспортни эса 3,3 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

“Тармоққа 2,2 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш режа қилинган. Бунинг эвазига 207 минг тонналик синтетик, аралаш ип, 397 миллион квадрат метрлик газлама, 224 миллион дона тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда 108 миллион квадрат метр мато бўяш бўйича қўшимча қувватлар барпо этилади”, – дейилади мақолада.

Покистон ОАВ қайд этганидек, йиғилишда тармоқни барқарор ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган айрим омилларга эътибор қаратилди. Хусусан, пахта толасига бўлган талабнинг бир қисми импорт ҳисобига қопланаётгани, молиявий ресурслар қийматининг юқорилиги, ташқи бозорларда логистика харажатлари ортиши ва айрим йўналишларда малакали мутахассислар етишмаслиги соҳа олдида турган долзарб вазифалар сифатида кўрсатиб ўтилди.

“Ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсадида 2026 йил учун аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Жумладан, корхоналарга айланма маблағ учун 200 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратиш, 138 та корхонани молиявий соғломлаштириш, 100 та янги корхонани экспорт фаолиятига жалб қилиш режалаштирилмоқда. Халқаро стандарт ва сертификатларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади. “Better Work”, “BCI”, “FWF”, “Organic EU” каби дастурлар 60 та корхонада татбиқ этилади», – деб маълум қилинган материалда.

“Ўзбекистон Президенти тақдим этилган ёндашувларни маъқуллаб, тармоқда тайёр маҳсулот улушини изчил ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш, инвестиция ва экспорт салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича масъуллар олдига аниқ вазифаларни қўйди”, – дейилади “The World News” мақоласида.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dildora Azimova

dildora@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш