Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодиётининг энг истиқболли уч соҳасини қайд этди
Июль 10, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 91
МОСКВА, 10 июль. /“Дунё” АА/. Логистика, туризм ва фармацевтика соҳаларида мақсадли ислоҳотларни амалга ошириш Ўзбекистонга 300 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш имконини бериши мумкин, деб хабар қилмоқда “Дунё”АА мухбири “Интерфакс” агентлиги маълумотига таяниб.
Жаҳон банкининг янги таҳлилий ҳисоботига кўра, айнан ушбу уч тармоқ хусусий капитални жалб этиш, бандликни ошириш ва иқтисодиётни диверсификация қилиш нуқтаи назаридан энг юқори салоҳиятга эга ҳисобланади. Мазкур йўналишларда аниқ ислоҳотларни амалга ошириш мамлакатнинг рақобатбардош, хусусий сектор етакчилик қиладиган иқтисодиётга ўтиш жараёнини жадаллаштиради.
Экспертларнинг таъкидлашича, 2017 йилдан буён Ўзбекистонда амалга оширилган бозор ислоҳотлари ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилиб келмоқда. Бироқ “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш учун рақобатни чеклаётган тўсиқларни бартараф этиш, малакали кадрлар тайёрлаш, шунингдек, инфратузилма ва тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш зарурлиги қайд этилган.
Ҳужжатда логистика соҳасида автомобиль юк ташувлари ва омбор инфратузилмасини ривожлантириш энг истиқболли йўналишлар сифатида баҳоланган. Ер ажратиш ва қурилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, халқаро юк ташиш рухсатномаларини рақамлаштириш ҳисобига 950 миллион доллардан 1,05 миллиард долларгача хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда 108 мингтагача янги иш ўрни яратиш мумкинлиги таъкидланган. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг “Ўрта йўлак” халқаро транспорт йўналишидаги муҳим савдо-транзит маркази сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.
Ҳисоботда туризм соҳасида маданий ва экологик туризмни ривожлантириш учун катта, ҳали тўлиқ ишга солинмаган салоҳият мавжудлиги қайд этилган. Ер ижараси механизмларини такомиллаштириш, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш ва туристик объектларни бошқариш самарадорлигини ошириш орқали 3,1 миллиард доллардан 4,2 миллиард долларгача хусусий инвестицияларни жалб қилиш мумкин. Бу эса 120 мингдан 180 мингтагача янги иш ўринларини яратиш, туристик оқимларни диверсификация қилиш ва соҳанинг иқтисодий самарадорлигини янада ошириш имконини беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси