Польша ОАВ: Ўзбекистонда беш йил ичида янги халқаро аэропорт қурилади

Июль 22, 2026. 12:00 • 2 дақ

149
Польша ОАВ: Ўзбекистонда беш йил ичида янги халқаро аэропорт қурилади

ВАРШАВА, 22 июль. /“Дунё” АА/. Польшанинг оммабоп “Wnp” ахборот порталида Ўзбекистон транспорт-логистика инфратузилмаси ривожи ҳамда Тошкентда бунёд этилиши режалаштирилган янги халқаро аэропорт лойиҳасига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон минтақадаги марказий географик жойлашувидан унумли фойдаланиб, мамлакатни йирик халқаро авиация ва логистика хабига айлантирмоқда.

Польшалик экспертлар эътиборини, айниқса, муҳим инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш суръатлари жалб этган. Хусусан, пойтахтдан 24 км узоқликда жойлашадиган янги халқаро аэропорт лойиҳаси келгуси беш йил ичида якунланиши ҳақида маълумот берилган.

Шунингдек ўқинг

Янги мажмуа йилига 20 миллион нафаргача йўловчи ва 129 минг тонна юкка хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади ҳамда кейинчалик бу кўрсаткични икки бараварга ошириш имконияти кўзда тутилган.

Нашрда Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги алоҳида қайд этилган. Қиймати қарийб 3 миллиард еврога тенг бўлган янги аэропорт қурилиши давлат мулки сақлаб қолинган ҳолда, “Vision Invest” (Саудия Арабистони), “Sojitz Corporation” (Япония) ва “Incheon International Airport Corporation” (Жанубий Корея) компаниялари иштирокидаги халқаро консорциум томонидан амалга оширилади.

Порталнинг хулоса қилишича, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, авиация соҳасини либераллаштириш, хусусий авиакомпанияларни жалб этиш ва инфратузилмани кенг кўламли модернизация қилиш мамлакат транспорт тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш