Украина матбуоти: Ўзбекистон Марказий Осиёнинг муҳим транспорт ва логистика марказига айланмоқда
Июнь 09, 2026. 10:25 • 3 дақ
• 134
КИEВ, 9 июнь. /“Дунё” АА/. Украинанинг “Open4business” ва “Fixygen” ахборот порталларида юртимизда транспорт, логистика ва транзит йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрларда таъкидланишича, энг муҳим лойиҳалардан бири “Тошкент – Самарқанд” муқобил автомобиль магистралини қуриш ҳисобланади. Узунлиги 282 километр бўлган янги трасса Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳудудидан ўтади. Цемент-бетон қопламали ва олти тасмали биринчи тоифали мазкур йўлда соатига 150 километргача тезликда ҳаракатланиш имконияти яратилади.
Лойиҳа доирасида 12 та транспорт ечими, 91 та кўприк, 16 та йўл ўтказгич, 60 та туннель йўлаги ва 250 дан ортиқ дренаж иншоотини қуриш назарда тутилган. Шунингдек, интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш, терминаллар, йўл бўйи сервис объектлари ҳамда оғирлик назорати шохобчаларини барпо этиш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, авиация инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. Айни пайтда еттита халқаро аэропорт реконструкция қилинмоқда. Сўнгги йилларда Мўйноқ, Қўқон, Зомин, Шаҳрисабз, Сариосиё ва Сўх туманларида янги ҳаво гаванлари фойдаланишга топширилди. Натижада мамлакатдаги аэропортларнинг умумий сони 18 тага етди.
Навоий халқаро аэропортини йирик логистика маркази сифатида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2030 йилга бориб бу ердаги рейслар сонини 2,3 баробарга ошириб, йилига 7 мингтага етказиш режалаштирилган. Йўловчи ташиш ҳажмини йилига 150 минг кишига, юк ташиш ҳажмини эса 45 минг тоннага етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, аэропорт ҳудудида ҳаво кемаларига техник ва тижорат хизматларини кўрсатиш учун “порто-франко” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш мўлжалланмоқда.
“Янги Тошкент” халқаро аэропорти лойиҳаси устида ҳам ишлар давом этмоқда. Янги авиация мажмуаси йилига 20 миллионгача йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Лойиҳа 208 минг квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллайдиган терминал, ҳар бирининг узунлиги тўрт километр бўлган иккита учиш-қўниш йўлаги ҳамда ҳаво кемалари учун 169 та тўхташ жойини қуришни ўз ичига олади.
Фуқаро авиациясини авиация ёқилғиси билан таъминлаш тизимини ривожлантириш ҳам устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. 2030 йилга бориб авиакеросин ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 600 минг тоннага етказиш, уни сақлаш қувватларини эса 49 минг тоннадан 80 минг тоннага ошириш режалаштирилган. Навоий, Андижон, Бухоро, Урганч ва Янги Тошкент аэропортларида янги ёқилғи мажмуалари барпо этилади.
Бундан ташқари, ҳаво кемаларини сақлаш ва уларга ёқилғи қуйишда халқаро стандартларга босқичма-босқич ўтиш, ёқилғи инфратузилмасини бошқаришни рақамлаштириш ҳамда технологик талабларга риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш назарда тутилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси