Ўзбекистонда “Яширин иқтисодиёт харитаси” рақамли платформаси ишга туширилади

Июль 07, 2026. 19:55 • 2 дақ

62
Ўзбекистонда “Яширин иқтисодиёт харитаси” рақамли платформаси ишга туширилади

МОСКВА, 7 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти 2026 йил охиригача ишга туширилиши режалаштирилган “Яширин иқтисодиёт харитаси” рақамли платформасини йўлга қўйишни маъқуллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Россиянинг “Ритм Евразии” нашрига таяниб.

Нашрнинг ёзишича, лойиҳа яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш чора-тадбирларига бағишланган тақдимот доирасида намойиш этилган. Тизимга 16 та масъул вазирлик ва идоранинг ахборот тизимлари интеграция қилинган бўлиб, у барча маълумотларни реал вақт режимида қайта ишлаш имкониятини беради.

Тақдимотда келтирилган маълумотларга кўра, сўнгги икки йил давомида кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 35 фоиздан 23 фоизгача қисқарган. Бу даврда давлат бюджетига қўшимча равишда 38 триллион сўм маблағ тушган, расмий банд аҳоли сони 8,5 миллион нафардан ошган, ўртача ойлик иш ҳақи эса қарийб 6,5 миллион сўмга етган. 2030 йилга қадар яширин иқтисодиёт ҳажмини яна икки баробар қисқартириш, бандликни 14 миллион нафарга етказиш ҳамда нақдсиз тўловлар улушини 75 фоизгача ошириш режалаштирилган.

Шунингдек ўқинг

Платформа 22 та тармоқ, 85 та соҳа, 14 та ҳудуд ва 208 та туманни қамраб олади. Солиқ режими, товар айланмаси ҳажми ва ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари каби 100 дан ортиқ хавф мезонлари асосида тизим тармоқларни автоматик равишда “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратади.

Тизим орқали лицензиясиз фаолият юритиш, ҳақиқий айланмани, иш ўринлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасини яшириш, рентабеллик ҳамда фойдани камайтириш каби хавфлар автоматик равишда аниқланади.

Платформанинг таҳлилий имкониятлари назорат органлари фаолиятини аниқ йўналтириш, инсон омилининг таъсирини камайтириш ҳамда ҳал этилмаган масалаларни туман даражасидан вилоят, кейин эса республика даражасигача етказиш имконини беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш