Чех матбуоти: Ўзбекистон–Чехия муносабатлари тобора кенгаймоқда

Июнь 09, 2026. 15:25 • 2 дақ

39
Чех матбуоти: Ўзбекистон–Чехия муносабатлари тобора кенгаймоқда

ПРАГА, 9 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Чехиядаги элчиси Дилшод Ахатов Чехиянинг етакчи иқтисодий нашри “iTradeNews.cz”га икки давлат муносабатларининг бугунги ҳолати, устувор йўналишлари ва истиқболлари ҳақида интервью берди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Дипломатнинг таъкидлашича, сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, қонунчилик базасини модернизация қилиш ва очиқлик сиёсатини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Ташқи таҳдидларга қарамай, мамлакат иқтисодиёти йилига ўртача 6–7 фоиз даражасида барқарор ўсиш суръатларини сақлаб қолмоқда.

Интервьюда Ўзбекистон иқтисодий тараққиётининг муҳим омиллари сифатида хусусий секторни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш ва замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш қайд этилган. Хусусан, 2016 йилда мамлакатда 218 мингга яқин кичик ва ўрта корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 500 мингдан ошган.

“2023 йилда Ўзбекистон ва Чехия ҳукуматлари ўртасида кенгайтирилган ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларациянинг имзоланиши икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим босқич бўлди”, – деди Дилшод Ахатов.

Шунингдек ўқинг

Элчининг сўзларига кўра, ушбу ҳужжат сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодиёт, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, таълим, туризм ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.

Иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик бугунги кунда аниқ натижалар бермоқда. 2025 йилда икки томонлама савдо ҳажми 200 миллион АҚШ долларидан ошди. Айни пайтда Ўзбекистонда Чехия капитали иштирокида 44 та корхона фаолият юритмоқда, улардан 14 таси тўлиқ Чехия компаниялари ҳисобланади.

Интервьюда Чехия Бош вазирининг жорий йил 29–30 апрель кунлари 50 га яқин етакчи чех компаниялари вакиллари ҳамроҳлигида Ўзбекистонга ташрифи муваффақиятли ҳамкорликнинг амалий намунаси сифатида қайд этилди. Ушбу ташриф анъанавий экспорт-импорт муносабатларидан қўшма ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш, хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш ва илмий-тадқиқот ҳамкорлигини ривожлантиришга жадал ўтиш жараёнини кўрсатди.

Дилшод Ахатов сўзининг якунида яқин 10–20 йил ичида инсон капитали, таълим алоқалари ва ёшлар ўртасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон–Чехия муносабатларининг савдо, инвестиция ва иқтисодий йўналишлари каби муҳим ва самарали тармоқларидан бирига айланишини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш