Ўзбекистон ва Беларусь делегациялари меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш ҳамда икки мамлакат фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини муҳокама қилди
Июнь 09, 2026. 19:56 • 2 дақ
• 9ТОШКЕНТ, 9 июнь. /“Дунё” АА/. Минск шаҳрида Ўзбекистон ва Беларусь ташқи ишлар вазирликлари ўртасида консуллик масалалари бўйича маслаҳатлашувларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев, Беларусь делегациясига эса ташқи ишлар вазири ўринбосари Евгений Шестаков бошчилик қилди.
Маслаҳатлашувларда Ўзбекистон Миграция агентлиги, Беларусь Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Беларусь Ички ишлар вазирлигининг Фуқаролик ва миграция департаменти вакиллари қатнашди.
Томонлар консуллик соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари, меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, икки мамлакат фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шартномавий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашув давомида меҳнат миграцияси соҳасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, фуқаролар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда миграция жараёнларини самарали бошқаришга қаратилган қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


