Беларусдан Ўзбекистонга янги юк поезди қатнови йўлга қўйилди

Июль 31, 2026. 10:30 • 2 дақ

102
Беларусдан Ўзбекистонга янги юк поезди қатнови йўлга қўйилди
Беларусдан Ўзбекистонга янги юк поезди қатнови йўлга қўйилди
Беларусдан Ўзбекистонга янги юк поезди қатнови йўлга қўйилди

МИНСК, 31 июль. /“Дунё” АА/. Беларуснинг Орша шаҳрида “Славянский караван” номли илк юк поездини Орша–Тошкент йўналиши бўйича кузатиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда “Беларусь темир йўллари” давлат бирлашмаси директори Валерий Веренич, Витебск вилояти ижроия қўмитаси раиси Александр Рогожник, Орша шаҳри ижроия қўмитаси раиси Леонид Мойжик, Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси Нуриддин Мамажонов ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.

Янги йўналиш бўйича ҳаракатланувчи илк поезд таркиби 71 вагондан иборат бўлиб, унда жами 3 минг 840 тоннадан ортиқ ёғоч маҳсулотлари, шакар, сут ва ёғ маҳсулотлари, чорва учун озуқа, кимё саноати маҳсулотлари ҳамда бошқа турдаги юклар Ўзбекистонга жўнатилди.

Маросимда сўзга чиққанлар “Славянский караван” лойиҳаси нафақат янги транспорт йўлагини шакллантириши, балки Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада фаоллаштириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда икки давлат раҳбарлари белгилаб берган стратегик вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Витебск вилояти ижроия қўмитаси раиси Александр Рогожникнинг қайд этишича, мазкур темир йўл йўлаги логистика харажатларини сезиларли даражада қисқартиради. Хусусан, 20 тоннали контейнерни ташиш қиймати автотранспортга нисбатан қарийб 1,5 баробар арзонлашади, юкларни етказиб бериш муддати эса 5–7 кунни ташкил этади.

Шунингдек ўқинг

Унинг сўзларига кўра, янги йўналиш орқали Ўзбекистондан Беларусь бозорида талаб юқори бўлган енгил саноат, озиқ-овқат ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини мунтазам етказиб бериш имконияти ҳам яратилади.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, дастлабки босқичда ушбу поезд ҳаракати ойига икки марта амалга оширилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, биринчи юк поездининг қатнови Ўзбекистон Президентининг 8–9 июль кунлари Беларусь Республикасига расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги сайтидан олинган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш