Ўзбекистон Президенти бўлажак Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарликнинг боришини кўриб чиқди
Июнь 09, 2026. 19:14 • 3 дақ
• 63
ТОШКЕНТ, 9 июнь. /“Дунё” АА/. Бугун Президент Шавкат Мирзиёевга навбатдаги Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик юзасидан ахборот берилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, ушбу форум мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳиятини кенг намоён этиш, хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли лойиҳаларни шакллантириш ва илгари суриш учун муҳим халқаро майдонга айланган.
2022 йилда илк бор ўтказилган форумда 56 мамлакатдан 1 мингдан зиёд хорижий меҳмон иштирок этган эди. Бу йил 16-18 июнь кунлари бўлиб ўтадиган бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида 99 та мамлакатдан жами 8 мингдан зиёд иштирокчи, жумладан, қарийб 3,1 минг нафар хорижий меҳмон қатнашиши кутилмоқда.
Тадбирга таклиф этилганлар орасида хорижий давлатлар ҳукуматлари раҳбарлари ва вакиллари, нуфузли халқаро молия институтлари, йирик компаниялар, инвестиция жамғармалари ва ишбилармон доиралар раҳбарлари бор.
Тақдимотда форум ва унинг доирасида ўтказиладиган тадбирлар дастури ҳақида маълумот берилди. Хусусан, ялпи мажлис, икки томонлама учрашувлар, тармоқ ва ҳудудлар тақдимотлари, инвестиция келишувларини имзолаш маросимлари ҳамда ишбилармонлар мулоқотлари ўтказилади.
Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳиятини намойиш этиш кўргазмасида қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, геология, электротехника саноати, машинасозлик, кимё саноати, энергетика, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари тармоқларининг имкониятлари тақдим этилиши режалаштирилган.
Форум доирасида Президентимиз ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи мажлиси ҳам бўлиб ўтади. Унда мамлакатимизда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, саноат-технологик ва инновацион ривожланишни жадаллаштириш, хусусий сектор ва халқаро инвесторлар учун янада қулай шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинади.
Жорий йилги форумда ҳам инвестиция келишувларининг йирик тўпламини имзолаш режалаштирилган. Ҳозирда янги лойиҳаларни шакллантириш ишлари жадал кетмоқда.
Ишлаб чиқилаётган келишувлар кимё саноати, геология ва металлургия, енгил саноат, электротехника ва машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, энергетика ва экология, рақамли технологиялар, қурилиш ва инфратузилма, банк-молия, транспорт-логистика, туризм ҳамда таълим каби муҳим йўналишларни қамраб олади.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши янги иш ўринлари яратиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини кучайтиришга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари форумни юқори ташкилий даражада ўтказиш, ҳар бир тармоқ ва ҳудуднинг инвестициявий салоҳиятини аниқ лойиҳалар орқали намоён этиш муҳимлигини таъкидлади.
Мутасаддиларга хорижий меҳмонларни кутиб олиш, тадбирлар дастурини пухта ташкил қилиш, имзоланадиган келишувларнинг аниқ ижро механизмларини белгилаш ва форумдан кейин уларни тизимли мониторинг қилиб бориш бўйича топшириқлар берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси