Намангандаги футбол турнирида хориждаги ватандошлар бирлашди
Июнь 09, 2026. 17:55 • 2 дақ
• 23НАМАНГАН, 9 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ташаббуси билан хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирокида “Ватандошлар футбол кубоги – 2026” мусобақаси ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Наманганда Халқаро гуллар фестивали доирасида ташкил этилган мазкур спорт тадбири Наманган вилояти ҳокимлиги, “Ватандош” жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамкорлигида бўлиб ўтди.
Турнирда Наманган вилояти терма жамоаси ва фахрий футболчилар билан бир қаторда Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда Туркиядан ташриф буюрган жами 8 та жамоа ўзаро беллашди. Мусобақа нафақат спорт баҳси, балки турли мамлакатларда яшаб меҳнат қилаётган ўзбекистонликларни бирлаштирувчи муҳим майдонга айланди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, турнирдан кўзланган асосий мақсад хориждаги ватандошлар ўртасида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларнинг ўзаро жипслигини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришдан иборат бўлди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этиши арафасида ўтказилган мазкур турнир Ватан билан фахрланиш, миллий бирдамлик ва ҳамжиҳатлик руҳини янада кучайтиришга хизмат қилди.
Шу билан бирга, тадбир хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва уларнинг мамлакат ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш учун ҳам муҳим имконият яратди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоалар тантанали равишда тақдирланди. Биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган жамоаларга кубоклар, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



