Ўзбекистон тарих, маданият ва бизнес имкониятлари билан полякларни ўзига жалб этмоқда
Июнь 09, 2026. 12:25 • 3 дақ
• 63
ВАРШАВА, 9 июнь. /“Дунё” АА/. Польшанинг “Głos Miasta” порталида польшалик сайёҳларнинг Ўзбекистонга қилган саёҳатларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф Рафал Ремонтнинг ёзишича, сўнгги пайтларда Ўзбекистон польшалик саёҳатчилар учун энг жозибадор манзиллардан бирига айланиб бормоқда. Буюк Ипак йўлининг бой мероси, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарлар, улардаги меъморий ёдгорликлар, мамлакатнинг миллий маданияти ва анъаналари ҳеч бир сайёҳни бефарқ қолдирмайди.
Илгари поляклар кўпроқ Таиланд ёки Филиппин каби тропик мамлакатларни танлаган бўлса, бугун уларнинг диққат марказида Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар турибди. Бу қизиқишнинг асосий сабаби нафақат сайёҳлик имкониятлари, балки мамлакатнинг бой тарихи, маданий мероси ва бизнес салоҳияти билан ҳам боғлиқдир.
Поляк сайёҳларини Ўзбекистонга жалб қилаётган энг муҳим омиллардан бири – бу ерда ҳали ҳам ҳақиқий кашфиёт ҳиссини туйиш мумкинлигидир. Оммавий туризм марказларига айланган кўплаб мамлакатларда сайёҳ ўзини минглаб бошқа меҳмонлар орасида ҳис қилади. Ўзбекистон эса меҳмонларга тарих билан юзма-юз учрашиш, маҳаллий аҳоли билан самимий мулоқот қилиш ва Шарқнинг бетакрор муҳитини ҳис этиш имконини беради.
Самарқанддаги Регистон майдони, Бухородаги Пои Калон мажмуаси ва Хивадаги Ичан-Қалъа каби обидалар нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун Марказий Осиёнинг маданий рамзларига айланган. Бу шаҳарлар орқали ўтган Буюк Ипак йўли асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган. Бугун ҳам мазкур мерос сайёҳларни ўзига мафтун этмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ҳақиқий қиёфаси машҳур туристик маршрутлардан ташқари ҳудудларда янада яққол намоён бўлади. Нурота тоғлари қишлоқлари, Айдаркўл атрофидаги ўтов лагерлари, Қизилқум чўлидаги қадимий карвонсаройлар ва Қорақалпоғистондаги Орол денгизи фожиаси излари мамлакатнинг бошқа, кам танилган қирраларини очиб беради. Бундай масканларда меҳмонлар маҳаллий ҳаёт тарзи билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади.
Нашрда таъкидланишича, полякларнинг Ўзбекистонга қизиқишини ошираётган яна бир муҳим омил – саёҳат харажатларининг нисбатан арзонлигидир. Европа мамлакатларига нисбатан меҳмонхона, овқатланиш ва ички транспорт хизматлари анча қулай нархларда таклиф этилади. Шу сабабли, кўплаб мустақил сайёҳлар ўз маршрутларини ўзлари режалаштириб, мамлакат бўйлаб эркин саёҳат қилишни афзал кўришмоқда.
Бироқ Ўзбекистонга келаётган барча меҳмонлар ҳам фақат сайёҳ эмас. Кейинги йилларда мамлакатнинг бизнес муҳити ҳам хорижликлар диққатини тортмоқда. Айниқса, Польша тадбиркорлари агросаноат, қурилиш, таълим, логистика, тўқимачилик ва ахборот технологиялари соҳаларида катта имкониятларни кўрмоқда. Ўзбекистоннинг ёш аҳолиси, иқтисодий ислоҳотлари ва Марказий Осиё бозорларига чиқиш имкониятлари уни минтақадаги истиқболли ҳамкорлардан бирига айлантирмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон бозорига киришда шахсий муносабатлар муҳим ўрин тутади. Кўпинча ҳамкорлик музокаралари расмий учрашувлардан эмас, балки чой устидаги самимий суҳбатлардан бошланади. Шу жиҳатдан, мамлакат сайёҳлик ва бизнес манфаатларини бирлаштириш учун қулай имконият яратади.
Мақола хулосасида Ўзбекистоннинг нафақат тарих ва маданиятга қизиқувчи сайёҳлар, балки янги имкониятлар излаётган тадбиркорлар учун ҳам жозибадор манзилга айланиб бораётгани эътироф этилган. Буюк Ипак йўли мероси, меҳмондўст халқ, бой маданий муҳит ва ўсиб бораётган иқтисодий салоҳият мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси