Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Нью-Йоркда тантанали кутиб олинди
Май 27, 2026. 15:25 • 2 дақ
• 66НЬЮ-ЙОРК, 27 май. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 26 май куни Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Жон Кеннеди халқаро аэропортида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасини кутиб олиш маросими юқори савияда ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Cпорт анжумани олдидан терма жамоани муносиб кутиб олиш мақсадида аэропорт ҳудудида махсус «фан-ҳудуд» (fan-zone) ташкил этилди. Ушбу майдонча давлатимиз байроқлари, миллий рамзлар ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари акс этган маҳобатли баннерлар билан безатилди.
Кутиб олиш жараёнида миллий терма жамоа аъзолари ва мухлислар ўртасида самимий ва дўстона мулоқот йўлга қўйилди. Хориждаги фаол ватандошларимиз жамоамизга Жаҳон чемпионати баҳслари доирасида улкан зафарлар ва тарихий муваффақиятларга эришиш тилакларини билдирдилар.
Тадбирга АҚШда фаолият юритаётган қатор таниқли медиа-инфлюенсерлар, блогерлар ва етакчи ОАВ вакиллари ҳам кенг жалб этилди. Улар томонидан кенг жамоатчилик ўртасида миллий терма жамоамизни қўллаб-қувватлаш ва фаол мухлислик муҳитини шакллантиришга қаратилган мазмунли медиа-тарғибот ишлари олиб борилди.
Маросимнинг юқори даражада ва тартибли ташкил этилгани мезбон мамлакат томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди. Хусусан, Жон Кеннеди халқаро аэропорти масъуллари мазкур тадбир орқали Ўзбекистоннинг бой маданияти, бетакрор миллий қадриятлари, туризм салоҳияти ва спорт соҳасидаги ютуқлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлганликларини таъкидлаб, ўзбек томонига самарали ҳамкорлик учун чуқур миннатдорлик билдирдилар.
Нью-Йоркда ўтказилган ушбу тадбир хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг ватанга бўлган чексиз меҳри ва миллий жамоамизга бўлган юксак ишончини яна бир бор яққол намоён этди. Терма жамоамизнинг халқаро майдондаги иштироки нафақат спорт оламида, балки Ўзбекистоннинг глобал миқёсдаги ижобий имижини мустаҳкамлашда ҳамда миллат бирлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид








