Польшада “Ўзбекистон инвесторлари куни” бўлиб ўтди
Май 24, 2026. 15:25 • 2 дақ
• 33ТОРУНЬ, 24 май /“Дунё” АА/. Польшанинг Торунь шаҳрида “Ўзбекистон инвесторлари куни” бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир мамлакатимизнинг Варшавадаги элчихонаси томонидан Осиё ва Тинч океани жамияти, Польша инвестициялар ва савдо агентлиги ҳамда Николай Коперник университети ҳамкорлигида ташкил этилди.
Учрашувда “Тараққиёт стратегияси” маркази директори Элдор Туляков, Польша Ташқи ишлар, Тараққиёт ва технологиялар, Фан ва олий таълим вазирликлари, Куявия-Померания воеводлиги, Торунь шаҳар мэрияси раҳбарияти ҳамда ишбилармон доиралардан иборат иштирокчилар қатнашди.
Польшалик инвесторларга “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган тизимли ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар учун яратилган шаффоф муҳит, солиқ ва божхона имтиёзлари, эркин иқтисодий зоналар, саноат кооперацияси ҳамда рақамли иқтисодиёт имкониятлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Тақдимотлар давомида ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган янги ташаббуслар муҳокама қилинди. Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ҳамда “Термиз халқаро савдо маркази” фаолиятига бағишланган махсус видеороликлар намойиш этилди.
“B2B” ва “G2B” форматидаги учрашувлар ҳам самарали кечди. Унда икки мамлакат ўртасида ўзаро манфаатли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Тадбир якунида меҳмонлар учун расмий қабул маросими ташкил этилиб, ўзбек миллий таомлари тортилди. Ташкил этилган кўргазма орқали Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, тарихий анъаналари ва туризм имкониятлари кенг тарғиб қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

“Алоқабанк” Лондон фонд биржасига 300 миллион долларлик еврооблигацияларни жойлаштирди








