Душанбедан муносабат: Туркистон саммити ТДТ интеграциясида муҳим ташаббуслар майдони бўлди

Май 17, 2026. 15:30 • 3 дақ

353
Душанбедан муносабат: Туркистон саммити ТДТ интеграциясида муҳим ташаббуслар майдони бўлди

ДУШАНБЕ, 17 май. /“Дунё” АА/. Тожикистон Миллий фанлар академияси ҳузуридаги Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти илмий ходими Виктор Ким “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 15 май куни Туркистон шаҳрига амалга оширган хизмат сафари ва Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитидаги иштироки юзасидан фикр билдирди:

– Туркий давлатлар ташкилотининг Қозоғистонда бўлиб ўтган норасмий саммити, аввалги барча саммитлар каби, туркий дунё интеграцияси йўлида яна бир ишончли қадам бўлди. Интеграция жараёнида қадимий тарих, муқаддас диний қадриятлар, маданий мерос ва анъаналарнинг умумийлигига таянилган яхлит ва комплекс ёндашув қисқа вақт ичида барқарор ва ишончли ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор яратиш имконини берди.

Норасмий саммитни ўтказиш учун Туркистон шаҳрининг танланиши бежиз эмас. 2021 йил 31 март куни Туркий кенгашининг норасмий саммитида Туркистон туркий дунёнинг маънавий пойтахти сифатида эътироф этилган эди. Туркий цивилизация марказининг қурилиши туркий халқларнинг цивилизацион бирлигини акс эттирадиган ёрқин рамз бўлади. Марказ пойдеворига капсула қўйиш маросими давлат раҳбарларининг йиғилиши олдидан ўтказилди.

Ишчи ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Қасим-Жомарт Тоқаев билан бирга Туркистон шаҳрида Ўзбекистон томонидан қурилган масжидни зиёрат қилди. Ушбу улуғвор мажмуа 7 гектардан ортиқ майдонда жойлашган бўлиб, 5 мингдан зиёд намозхонни сиғдира олади. Масжид архитектураси ислом ва шарқ меъморчилигининг энг яхши анъаналари асосида барпо этилган. Бу икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик, маданий ва маънавий яқинлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчиликнинг самимий ифодасидир.

Шунингдек ўқинг

Дунёнинг турли минтақаларида кескинлик кучайиб, халқаро муносабатларда ишончсизлик ортиб, глобал институтларнинг роли сусайиб бораётган ҳозирги шароитда, Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ўзаро мулоқотни кучайтириш ва мувофиқлаштирилган позицияларни ишлаб чиқиш зарур. Шу нуқтаи назардан у бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Бу ташаббуслар туркий дунёда рақамли ривожланишнинг янги даврини шакллантиришга қаратилган. Улар сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик, фан, таълим ва ёшлар билан ишлашни чуқурлаштириш, рақамли логистика платформаларини яратиш ҳамда экологик муаммолар бўйича мувофиқлаштирилган ҳаракатларни ўз ичига олади.

Замонавий босқичда туркий дунё интеграцияси янги ва қизиқарли ташаббусларни намоён этмоқда, бу эса жаҳоннинг янги архитектурасини шакллантиришда муҳим бўғинлардан бири бўлиши мумкин. Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган ушбу норасмий саммит туркий дунё учун илғор ечимлар ва барқарор ривожланиш макони сифатида янги саҳифани очиши, шубҳасиз.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш