Logo

Деҳлида Ўзбекистоннинг тўй маросимлари туризми бўйича салоҳияти тақдимот этилди

Октябрь 02, 2023. 09:41 • 2 дақ

295
	Деҳлида Ўзбекистоннинг тўй маросимлари туризми бўйича салоҳияти тақдимот этилди

ДЕҲЛИ, 2 октябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан Ҳиндистоннинг оммабоп "Travel Jingles" журнали билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.



Тадбирда етакчи туристик компаниялар ва агентликлар раҳбарлари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда туризм соҳасини янада ривожлантириш, халқаро ва маҳаллий саёҳатчилар учун замонавий шароитлар яратиш, туризм инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижалари ҳақидаги маълумот тақдим этилди. Бунда сайёҳликнинг турли йўналишлари, жумладан, тоғ, экологик, спорт, кулинария туризмини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган тизимли ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳиндистонда бугунги кунда соҳанинг янги йўналиши – оилавий тантаналар, жумладан, тўй маросимлари туризми изчил ривож топмоқда. Ҳиндистонликлар орасида бундай тадбирларни хорижий мамлакатларда ўтказишга бўлган қизиқиш катта. Шу боис анжуман доирасида мамлакатимизнинг тўй маросимлари туризми бўйича салоҳияти ҳақида тақдимот ўтказилди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида туристик оқим фаоллашаётгани, хусусан, жорий йил ушбу мамлакатдан ўзбек заминига саёҳат қилаётганларнинг сони ўзаро муносабатлар тарихидаги энг юқори кўрсаткичга эришилиши кутилаётгани таъкидланди.

Тадбирда Самарқанд шаҳрида БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессияси ҳамда ушбу йирик воқеа доирасида уюштириладиган бошқа анжуманларга кўрилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида ҳам сўзлаб берилди. ЮНВТО Бош ассамблеясининг юбилей сессияси Ўзбекистонда ўтказилаётгани жаҳон ҳамжамиятининг мамлакатимиз туризм салоҳиятига бўлган юксак қизиқишини яна бир бор ифода этаётгани урғуланди.

Дипломатия миссияси ва Ҳиндистон туристик компаниялари вакиллари ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларига қаратилган музокаралар ўтказилди.  

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш