Logo

Ўзбекистон ва Венгрия олий таълим муассасалари илмий ва академик ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди

Сентябрь 30, 2025. 19:37 • 2 дақ

103
Ўзбекистон ва Венгрия олий таълим муассасалари илмий ва академик ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди

БУДАПЕШТ, 30 сентябрь. /"Дунё" АА/. Тошкент давлат аграр университети (ТДАУ) делегацияси Венгриянинг етакчи университетлари билан академик, илмий ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Будапештга борди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар давомида делегация Будапештдаги Корвинус университети ректори Бруно ван Поттельсберге ва Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети (MATE) ректори Чаба Дюрича билан самарали учрашувлар ўтказилди. Асосий эътибор икки мамлакат ўқитувчилари ва талабалари ўртасидаги қўшма таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар ва тажриба алмашинувини ривожлантиришга қаратилди.

Корвинус университети ректори Бруно ван Поттельсберге билан қишлоқ хўжалиги ва агробизнес соҳасида қўшма таълим дастурини яратиш истиқболлари муҳокама қилинди. Ҳамкорлик доирасида Венгрия экспертлари иштирокида Тошкент давлат аграр университети талабалари учун венгер тили курсларини ташкил этиш, шунингдек, сув ресурсларини бошқариш ва ветеринария соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилди.

MATE билан академик ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонлик ўқитувчилар ушбу университетда илмий стажировка ўташлари, қўшма тадқиқотларда иштирок этишлари ва натижаларни халқаро илмий журналларда эълон қилишлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, ТДАУ профессорларини ушбу университет томонидан ўтказиладиган халқаро конференцияларга лектор ва маърузачи сифатида таклиф қилиш кўзда тутилган.

Музокараларнинг муҳим қисми 2023 йилда йўлга қўйилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат технологиялари бўйича қўшма таълим дастурини кенгайтириш масаласи бўлди. Венгрияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сонини ошириш режалаштирилмоқда.

Сафар якунлари ТДАУ ва Венгрия университетлари ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг юқори даражасини тасдиқлади ва яқин келажакда янги қўшма таълим, илмий ва тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш