Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши мажлисидаги нутқи
Май 29, 2026. 16:25 • 4 дақ
• 102
(2026 йил 29 май, Остона ш.)
Ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич!
Ҳурматли давлатлар ва делегациялар раҳбарлари!
Аввало, Қозоғистон Республикаси Президенти, ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаевга анъанавий самимий қабул ва меҳмондўст Остона шаҳрида учрашувимизни юксак даражада ташкил этгани учун чин дилдан миннатдорлик билдираман.
Жаҳон иқтисодиётида кенг кўламли технологик трансформация жараёни кечаётган бир даврда Қозоғистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги самарали раислигини алоҳида қайд этмоқчиман.
Саммитимиз арафасида сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш масалаларига бағишланган бешинчи Евроосиё иқтисодий форуми очилгани рамзий маънога эгадир. Бугунги кунда айнан рақамли технологиялар, замонавий логистик ечимлар ва саноат кооперацияси кўп жиҳатдан давлатларнинг рақобатдошлиги, бозорлар барқарорлиги ва миллий иқтисодиётларнинг ташқи хатарларга муносиб жавоб қайтара олиш қобилиятини белгиламоқда.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Ўзбекистон учун ЕОИИ мамлакатлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш ташқи иқтисодий сиёсатнинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Бугунги кунда бизнинг ЕОИИ давлатлари билан ўзаро ҳамкорлигимиз комплекс иқтисодий шериклик тусини олди. Ўзаро савдо ҳажми ўсмоқда, саноат кооперацияси чуқурлашмоқда, логистик алоқалар мустаҳкамланмоқда, рақамли иқтисодиёт, энергетика ва хизматлар соҳасида янги йўналишлар шаклланмоқда.
Ўзбекистон Иттифоқнинг барча асосий тадбирларида фаол иштирок этмоқда. Жорий йилда Евроосиё иқтисодий комиссияси билан уч йиллик Ҳамкорлик режасини амалга оширишни якунига етказмоқдамиз. Ўзбекистон ҳукумати Қўшма ишчи гуруҳининг навбатдаги мажлисини жорий йилнинг куз фаслида Тошкент шаҳрида ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Унинг доирасида кейинги давр учун мўлжалланган янги Ҳамкорлик режасини қабул қилишни таклиф этамиз.
Яқинда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимларини яқинлаштириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Савдо ва юк ташувларини рақамлаштириш, электрон тижоратни ривожлантириш ва иқлим борасида кун тартибидаги масалалар бўйича тармоқ дастурларида иштирокимизни давом эттирмоқдамиз.
Тошкент шаҳрида Евроосиё тараққиёт банкининг мамлакат офисини очдик, биргаликда муайян лойиҳалар портфели шакллантирилди.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
ЕОИИ билан ҳамкорлигимизни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини қисқача кўрсатиб ўтмоқчиман.
Биринчи. Ўзбекистон ва ЕОИИ давлатлари ўртасида тўсиқларсиз савдонинг ягона рақамли маконини шакллантиришга киришишни муҳим деб ҳисоблаймиз.
Бу ерда сўз электрон тижоратни ривожлантириш ва уни тартибга солиш борасидаги ёндашувларни мувофиқлаштириш, божхона, фитосанитария ва ветеринария назорати соҳаларида рақамли маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаш, шунингдек, электрон ҳужжатларни босқичма-босқич ўзаро тан олиш ҳақида бормоқда.
Шунингдек, рақамли транзитни жорий этиш, кузатув тизимларига уланиш ҳамда ўтказиш пунктларини модернизация қилиш орқали “ақлли” транспорт-божхона йўлакларини яратиш ишларига киришиш мақсадга мувофиқдир.
Иккинчи. Саноат кооперацияси ривожига янги туртки бериш муҳимдир.
Биз бизнеснинг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологик шериклик ва янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришга қизиқиши ортиб бораётганини кўрмоқдамиз. Буни жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида муваффақиятли ўтказилган олтинчи “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” кўргазмаси ҳам тасдиқлайди.
Мамлакатларимиз ўртасида саноат кооперацияси дастурини тайёрлашда мазкур кўргазма салоҳиятидан фойдаланишни таклиф этамиз. Саноат автоматизацияси ва робототехника, энергетика учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, сув тежовчи технологиялар, замонавий қурилиш материаллари ва бошқа соҳаларни истиқболли йўналишлар қаторида қайд этиш мумкин.
Ўзбекистонда кооперация бўйича “ягона дарча” форматида Евроосиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорликда шерикларни танлайдиган, эркин саноат зоналаримиз негизида ташаббусларни қўллаб-қувватлайдиган, молиялаштиришни жалб этишга кўмаклашадиган қўшма лойиҳа офисини ташкил этишга тайёрмиз.
ЕОИИ давлатларидан келадиган юқори технологияли резидентлар учун қўшимча рағбатлантирувчи шароитларни ишлаб чиқишга тайёрмиз.
Учинчи. Энергия самарадорлигини ошириш, тоза технологияларни жорий этиш ва маҳсулотларнинг углерод сиғимини камайтиришга қаратилган Саноатни “яшил” трансформация қилиш қўшма дастурини қабул қилишни таклиф этамиз.
Бу эндиликда мамлакатларимиз учун нафақат экологик кун тартибидаги масала, балки саноатнинг узоқ муддатли рақобатдошлигини таъминлайдиган муҳим омилга айланмоқда.
Қўшма “яшил” лойиҳалар портфелини шакллантириш, уларни молиялаштиришнинг янги механизмларини ривожлантириш, сунъий интеллект технологияларини қўллаш орқали саноатнинг устувор тармоқларини модернизация қилиш амалий чора-тадбирлар сифатида дастурдан ўрин олиши мумкин.
Тўртинчи. Бандлик бўйича миллий электрон хизматларни ўзаро боғлаш орқали ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишни долзарб деб ҳисоблаймиз.
Бу ерда сўз фуқароларнинг ишончли бўш иш ўринлари, ишга жойлашиш шартлари ҳамда миграция қонунчилиги нормалари ҳақидаги маълумотлардан тўғридан-тўғри фойдаланишини таъминлайдиган қулай ва яхлит рақамли муҳитни шакллантириш ҳақида бормоқда. Бу бир пайтнинг ўзида мамлакатларимиз меҳнат бозорлари эҳтиёжларини ҳисобга олиш, ходимларнинг малакасини ошириш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва норасмий бандлик хавфларини камайтириш имконини беради.
Бешинчи. Бугунги кунда туризм маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлигимизнинг энг жадал ривожланаётган йўналишларидан бирига айланмоқда.
Биз “Марказий Осиё туристик ҳалқаси” ташаббусини илгари сурдик. ЕОИИ мамлакатларини унда иштирок этиш ва мазкур туристик йўналишни оммабоп рақамли платформаларда биргаликда тарғиб қилишга таклиф этамиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Сўзимнинг якунида Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилишимиз қатъийлигини яна бир бор тасдиқламоқчиман.
Ўзбекистоннинг юқорида қайд этилган қўшма ташаббус ва лойиҳаларда иштирок этиши ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда давлатларимизнинг барқарор ривожланишига кўмак беришига ишонаман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




