Осиё кубогини қўлга киритган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Тошкент остонасида катта тантана билан кутиб олинди
Апрель 22, 2025. 10:13 • 2 дақ
• 41
ТОШКЕНТ, 22 апрель. /"Дунё" АА/. Кеча тунда Саудия Арабистонида бўлиб ўтган футбол бўйича U-17 ёш тоифасидаги Осиё кубода бош совринни қўлга киритган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Тошкентга қайтиб келди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тошкент халқаро аэропортида юртимизнинг ёш қаҳрамонларини Ўзбекистон ҳукумати раҳбарияти, спортимиз мутасаддилари, футболчиларнинг ота-оналари, ОАВ вакиллари ва кенг жамоатчилик катта тантана билан кутиб олди.
Байрамона ўтган тантанали тадбирда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов давлатимиз раҳбарининг футболчиларимизга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг Президентимизнинг тегишли фармони билан спортчилар ва уларнинг мураббийи, футбол тарғиботи йўлида фидойилик кўрсатиб келаётган спорт шарҳловчилари давлатимизнинг юксак мукофотлари – "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози" фахрий унвони, "Келажак бунёдкори" ва "Шуҳрат" медаллари билан тақдирланганини эълон қилди.
Футболчиларга Президент совғаси – енгил автомобиллар калитлари ва давлат мукофотлари тантанали топширилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон терма жамоаси бу галги Осиё кубогида муваффақиятли иштирок этди. Буни йигитларимиз бутун турнир давомида кўрсатган ёрқин ва ғалабали ўйинлар тасдиқлайди.
Мусобақанинг гуруҳ беллашувларида Ислом Исмоилов шогирдлари юз фоизлик натижа қайд этди. Футболчиларимиз Таиландни 4:1, Хитойни 2:1, Саудия Арабистонини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб Осиё кубогининг кейини босқичига ва ноябрь ойида бўладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
Осиё кубогининг чорак финалида ҳамюртларимиз Бирлашган Араб Амирликларидан 3:1 ва Шимолий Корея 3:0 ҳисобида устун келиб ҳал қилувчи финал баҳсига чиқди.
Ҳал қилувчи беллашувда терма жамоамизга мезбонлар – Саудия Арабистони терма жамоаси иккинчи маротаба рўбарў келди. Финал мамлакатимиз терма жамоасининг муносиб натижага эришгани, икки футболчи кам бўлган ҳолда рақибини финалда доғда қолдиргани ўзбек футболи юксалишнинг янги босқичига чиқаётганини яна бир карра намойиш этди. Саудияликлар ўз мухлислари кўз ўнгида бош совринни ўзларида олиб қолишга ҳаракат қилди. Ислом Исмоилов шогирдлари икки ўйинчи кам бўлиб ҳаракат қилганига қарамай, беллашувнинг иккинчи қисмида саудияликларни ҳар жабҳада доғда қолдирди. 51-дақиқада Муҳаммад Ҳакимов пенальтини аниқ амалга оширган бўлса, 70-дақиқада ярим ҳимоячи Садриддин Ҳасанов рақиб футболчиларини доғда қолдирди ва иккинчи голни саудияликлар дарвозасига киритди. Якуний ҳисоб 2:0 Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпиони.
Саудия Арабистони яшил майдонларида бўлиб ўтган футбол бўйича Осиё кубогида матонат кўрсатган ёш йигитларимизнинг меҳнатини ҳар қанча эътироф этсак арзийди. Уларни энди Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати кутиб турибди. Янги Ўзбекистоннинг олтин авлоди бўлган бу футболчилардан мундиалда ҳам юқори натижаларни кутиб қоламиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Исломободда “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” номли китоб тақдимоти ўтказилди
Женевадаги Миллатлар саройида Ўзбекистон Конституцияси куни ўтказилди
Женевада “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” китобининг тақдимоти бўлди
“Саодат” журналининг бир асрлик юбилей байрами нишонланди
Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири кубоги учун тезкор шахмат турнири ўтказилмоқда