Logo

Ўзбекистон вакиллари Хитойнинг Божхона хизматининг "Алашанькоу" эркин савдо зонаси фаолияти билан танишди

Август 08, 2025. 09:26 • 2 дақ

88
Ўзбекистон вакиллари Хитойнинг Божхона хизматининг "Алашанькоу" эркин савдо зонаси фаолияти билан танишди

БОРО-ТАЛА, 8 август. /"Дунё" АА/. Хитойнинг "Алашанькоу" эркин савдо зонаси орқали Ўзбекистондан асосан қуритилган мевалар импорти амалга ошириляпти, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Бу ҳақда Ўзбекистон делегациясининг Хитой ва Қозоғистон чегараси яқинида жойлашган Божхона хизматининг "Алашанькоу" эркин савдо зонасига ташрифи давомида Алашанькоу шаҳри ҳокимининг ўринбосари Шу Шенг Чианг маълум қилди.

Ҳоким ўринбосарининг айтишича, мазкур иқтисодий зонада Хитойга олиб килаётган ва экспорт қилинаётган маҳсулотларни етказиб бериш, ўн турдаги маҳсулотларга сетификатлар тақдим этиш, божхона билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш ва логистика хизматлари бўйича амалий ёрдам кўрсатилади.

Шунингдек, иқтисодий зонада тадбиркорлар томонидан бир неча йирик омборлар ташкил этилган. Улар маҳсулотларни сақлаш, юклаш ва ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашади.

Ушбу йирик мажмуа 2011 йилда "Бир макон – бир йўл ташаббус доирасида ташкил этилган. Бу ердан маҳсулотлар Хитойдан Европага ва Хитойдан Марказий Осиё мамлакатларига, шу жумладан Ўзбекистонга етказиб берилади.

Маҳсулотлар асосан поездда ва юк автомобилларида ташилади. Хусусан, 2024 йилда поезд орқали 7684 та ташувлар амалга оширилди. Бу рақамлар 2023 йилга нисбатан қарийб 16 фоизга кўпдир. Шунингдек, хориждан кирган 40 миллион тонна маҳсулот Хитой ҳудудларига етказиб берилган.

Ҳоким ўринбосари, шунингдек, Ўзбекистон томони билан ҳамкорликка алоҳида тўхталиб ўтди.

"Ўзбекистондан асосан қуритилган мевалар ва товуқ оёқчалари экспорт қилиняпти, – деди Алашанькоу шаҳри ҳокимининг ўринбосари Шу Шенг Чианг. – Бу рақамлар жуда кам. Улар икки мамлакат салоҳиятига жавоб бермайди. Биз ўзбекистонлик тадбиркорлар билан шерикликни кенгайтиришга тайёрмиз. Ўзбек ҳамкорларимизнинг таклифларини эшитишга ва уларга Хитой бозорларига киришига ёрдам беришимиз мумкин. Масалан, биз асални Россиядан олиб кираяпмиз. Билишимча, Ўзбекистон асали ҳам жуда ширин ва харидоргир. Ўзбек тадбиркорлари асал маҳсулотларини замон талаблари асосида қадоқлаб экспорт қилса, биз улар учун Хитой бозоридан харидор топишга кўмаклашамиз", – деди Алашанькоу шаҳри ҳокимининг ўринбосари Шу Шенг Чианг.

"Алашанькоу" эркин савдо зонаси билан танишув давомида маҳсулотлар сақланаётган омборлар, юкларни тушириш, қадоқлаш ва юклаш хизматлари кўздан кечирилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш