Logo

Ўзбекистон очиқ маълумотлар индексида жаҳон бўйича 30-ўринни ва Марказий Осиёда пешқадам мавқени эгаллади

Октябрь 24, 2024. 14:02 • 3 дақ

1218
Ўзбекистон очиқ маълумотлар индексида жаҳон бўйича 30-ўринни ва Марказий Осиёда пешқадам мавқени эгаллади

ТОШКЕНТ, 24 октябрь. /"Дунё" АА/. Бугун "Ўзбекистонда халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги" доирасида "Эркин фуқаролик жамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази томонидан ташкил этилган анжуманда 10 дан ортиқ хорижий ва 100 дан зиёд маҳаллий экспертлар, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий доиралар вакиллари, сиёсий партиялар фаоллари иштирок этди.

Конференцияда Ўзбекистоннинг демократик тараққиёт йўлидаги ислоҳотлари, айниқса фуқаролик жамияти соҳасидаги туб ўзгаришлар, мамлакатнинг очиқлик ва шаффофлик борасидаги ютуқлари жаҳон ҳамжамияти эътиборига ҳавола этилди.

Конференция иштирокчилари Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги ютуқларини юксак баҳолаб, мамлакатимизнинг очиқ маълумотлар индексида жаҳон бўйича 30-ўринни ва Марказий Осиёда пешқадам мавқени эгаллаганини алоҳида таъкидладилар.

Экспертлар 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ҳамда Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 26 августдаги "Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонининг аҳамиятини таъкидлаб, бу ҳужжатлар фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилларига асосланган яхлит тизимини яратганини қайд этдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ижтимоий адолат ва барқарорликни таъминлашдаги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги аҳамияти ортиб бормоқда. Фуқаролик жамияти ташкилотлари жамоатчиликни бирлаштириш ва фаоллаштириш, фуқароларни ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга жалб этиш орқали ижтимоий масъулиятни ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда.

Сўнгги йилларда фуқаролик жамияти ва нодавлат ташкилотларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги сезиларли даражада кучайди. Ижтимоий-иқтисодий масалаларда ижтимоий шериклик тамойилининг жорий этилиши кўплаб муаммоларни самарали ҳал этиш имконини бермоқда.

2017-2024 йилларда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг 2 минг 250 га яқин лойиҳалари амалга оширилиши учун маблағ ажратилган.

Конференцияда яқинлашиб келаётган парламент ва маҳаллий Кенгашлар сайловларига алоҳида эътибор қаратилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловларнинг илк бор аралаш тизим асосида ўтказилиши ва парламентга номзодлар орасида аёллар улушининг 40 фоизгача оширилиши демократик ислоҳотларнинг муҳим босқичи сифатида баҳоланди.

"E-Saylov" электрон ахборот тизимининг жорий этилиши сайлов жараёнлари шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Бу тизим фуқароларнинг сайлов жараёнларида фаол иштирок этиши ва назорат қилиши учун кенг имкониятлар яратиб, сайловларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга хизмат қилади.

Хорижий мутахассислар томонидан "Ўзбекистон–2030" стратегиясига алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу ҳужжатда белгиланган халқаро стандартларга мос келадиган таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимларини яратиш, адолатли ва замонавий давлат бошқарувини шакллантириш каби мақсадлар юксак баҳоланди. Стратегиянинг амалга оширилиши Ўзбекистонни 2030 йилга келиб дунёнинг энг тез ривожланаётган иқтисодиётлари қаторига киритиши таъкидланди.

Ўзбекистонда миллий анъаналар ва замонавий демократик тамойилларни уйғунлаштирган ўзига хос фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш модели яратилди. Натижада мамлакатда кучли, фаол ва масъулиятли фуқаролик жамияти шаклланиб бормоқда.

Конференция якунида иштирокчилар Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш бўйича қатор муҳим таклиф ва тавсиялар илгари сурдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш