Logo

ЮНИСЕФ Ўзбекистоннинг болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш масалаларида олдинга силжишга бўлган содиқлиги ва қатъиятидан илҳомланмоқда

Апрель 29, 2025. 16:01 • 3 дақ

705
ЮНИСЕФ Ўзбекистоннинг болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш масалаларида олдинга силжишга бўлган содиқлиги ва қатъиятидан илҳомланмоқда

ТОШКЕНТ, 30 апрель. /"Дунё" АА/. Тошкентда "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мазмун-моҳиятига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтяпти, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ОАВ вакиллари қатнашмоқда.

Семинарда янги қонуннинг мазмун-моҳияти, уни ижро этиш механизмлари, қонуннинг аҳамиятини оммага етказишда ОАВнинг роли, шунингдек, болаларга нисбатан зўравонликка қарши кураш бўйича халқаро тажриба муҳокама қилиняпти.

Реҳина Мария Кастижио, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:

– Биз оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги муҳим ўрнини тушунамиз, шунинг учун ушбу платформани ишга туширдик. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши долзарб аҳамият касб этди, уни муваффақиятли татбиқ этиш эса кўпроқ нарсани талаб қилади.

Жамият қандай янгиликларни эшитишини айнан сиз – журналистлар белгилайсиз. Сизнинг ҳиссангиз ҳар бир минтақада қонунни тушуниш ва қўллаб-қувватлашни шакллантириш учун жуда муҳимдир.

Қонун болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан, шу жумладан, жисмоний, руҳий, жинсий ва эътиборсизлик оқибатларидан ҳимоя қилишни назарда тутади. Унда профилактика, эрта аралашув ва жабрланган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур қонунни кейинчалик қўллашда тармоқлараро ҳамкорлик, мутахассисларни тайёрлаш ва зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш механизмларини ривожлантириш муҳим роль ўйнайди.

Цици Сингизи, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи, семинар координатори:

– Мазкур масалаларни жамоатчилик ўртасида муҳокама қилмасдан туриб, ўзгаришлар қилиб бўлмайди. Бу борадаги энг яқин ҳамкорларимиз эса, шубҳасиз, оммавий ахборот воситаларидир. Бу ерда ўтирган журналистлар ҳақиқий профессионаллар, улар ўз ишини жуда яхши билишади. Бизнинг мақсадимиз – уларга янги қонунни тақдим этиш ва унинг асосий қоидалари билан таништириш.

Семинар давомида журналистлар менга бир қатор муҳим саволларни беришди. Улардан бири, Қандай қилиб болалар билан боғлиқ воқеаларни кучли ва таъсирли, аммо уларга зарар етказмайдиган тарзда ёритиш мумкин?, деган мазмунда бўлди. Яъни улар бундай мавзуларни ёритишнинг ахлоқий томонини аллақачон тушуниб етишган, чунки бу жуда нозик масала. Мазкур вазиятда бундай нозик воқеаларни айнан Ўзбекистонда қандай ёритиш кераклиги алоҳида бир мавзудир.

Ушбу босқичда ОАВнинг иштироки биз учун жуда муҳим, чунки биз жамият нотўғри талқин қилиши мумкин бўлган тушунчаларни кўп қўллаймиз.

Шубҳасиз, барча ота-оналар бола тарбиясида эркинликка эга бўлишни хоҳлайди, лекин бола тарбиясидаги баъзи усулларни қайта кўриб чиқиш ҳам зиён қилмайди. Биз "қулоқ солмагани учун боласини енгил жазолади" каби майда-чуйда нарсалар ҳақида гапирмаяпмиз. Болаларни жинсий зўравонлик, эксплуатация, одам савдоси каби жиддий жиноятлардан ҳимоя қилиш ҳақида сўз юритяпмиз.

Мен журналистларга "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунни пухта тушуниш лозимлигини тушунтиришга ҳаракат қиляпман. Ушбу қонун жамиятга аҳолининг энг заиф қатлами – сизнинг фарзандларингиз, Ўзбекистоннинг ёш фуқароларини ҳимоя қилиш имконини берувчи воситадир.

Қонуннинг имзоланиши катта ютуқдир. Ҳужжат халқаро стандартлар ва илғор жаҳон тажрибасига мос келади. Маълумки, зўравонликнинг инсоний, ижтимоий ва иқтисодий баҳоси бор. "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун юқорида санаб ўтилган барча жиҳатларни қамраб олган. Мазкур ислоҳот Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан бошланган кенг кўламли ўзгаришлардан бири бўлиб, мамлакатнинг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида етакчилигини яққол намоён этади.

ЮНИСЕФ Ўзбекистоннинг халқаро стандартларга жавоб беришга интилиб, олдинга интилишга бўлган садоқати ва қатъиятидан илҳомланмоқда. Биз бу илғор қадамни мамнуният билан қўллаб-қувватлаймиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш