Logo

Ўзбекистон Энергетиклари миллий ассоциацияси делегацияси Беларусда самарали музокаралар ўтказди

Июль 17, 2025. 15:03 • 2 дақ

111
Ўзбекистон Энергетиклари миллий ассоциацияси делегацияси Беларусда самарали музокаралар ўтказди

МИНСК, 17 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Энергетиклари миллий ассоциацияси делегацияси амалий сафар билан Беларусда бўлди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар давомида "ВОЛМА" ресурс экотехнопарки, Республика касб-ҳунар таълими институти, Давлат стандарти энергия самарадорлиги кафедраси, "Power Green Limited" компанияси, "Soft Club" халқаро IТ компанияси ва бошқаларда учрашув ва музокаралар ўтказилди.

Делегация аъзолари мазкур ташкилотлар фаолияти, қуёш ва шамол тизимларидан фойдаланиш бўйича Беларусь тажрибаси, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги илғор инфратузилма, энергия самарадорлигини ошириш бўйича давлат дастурлари, энергетика хизматларини кўрсатиш бўйича шартномаларни амалга ошириш, стандартларни мувофиқлаштириш ва сертификатлаштириш жараёнлари билан яқиндан танишди.

Ташриф давомида Ўзбекистон томонининг 19 нафар вакили учун энергия самарадорлиги ва энергияни тежаш, қайта тикланадиган энергия манбалари, "ақлли уйлар" соҳасида қисқа муддатли курслар ташкил этилди.

Мулоқот чоғида давлат инфратузилмаси барқарорлиги ва энергия самарадорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Сувни тозалаш, сув таъминоти, электр, газ, иссиқлик таъминоти, шунингдек, канализация ва марказий иситиш тизимлари фаолияти билан боғлиқ асосий вазифалар муҳокама қилинди. Қувурлар коррозияси муаммоси ўрганилди.

Мамлакатларнинг бу борадаги ҳамкорлиги илғор технологиялар, илғор тажриба алмашиш ва маҳаллий мутахассислар салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашувларда Ўзбекистонда тажриба лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари, энергия самарадорлиги, қайта тикланувчи энергия манбалари ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги таълим ташаббуслари ҳам муҳокама қилинди.

Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон Энергетиклари миллий ассоциацияси, "ВОЛМА" экотехнопарки ва Республика касб-ҳунар таълими институти ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек, Республика касб-ҳунар таълими институти билан 2025–2030 йилларга мўлжалланган қўшма "йўл харитаси"ни тайёрлаш ва ҳамкорлик меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришилди.

Брагин шаҳридаги қуёш электр станциясига ташрифи чоғида юртимиз делегацияси вакиллари станциянинг техник хусусиятлари, энергия сақлаш ечимлари ва атроф-муҳит мониторингига ёндашувлар билан танишди. Европа стандартлари бўйича қуёш электр станцияларини қуриш ва улардан фойдаланиш тажрибаси ўрганилди.

Томонлар "яшил" энергетика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ана шундай лойиҳаларни амалга ошириш учун Беларусь тажрибасини тадбиқ этиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Бундан ташқари, "PV CONSULT LTD." ва "Soft Club" компаниялари билан Ўзбекистон энергетика соҳасини рақамли трансформация қилиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Учрашувлар якунида томонлар энергетика соҳасига хусусий ва давлат молиявий воситаларини, жумладан, микроинвестицияларни жалб қилиш учун қурилиш ва энергетика соҳаларида пилот лойиҳаларни ишга тушириш ҳамда ICO маҳсулот ечимларидан фойдаланиш бўйича ҳаракатлар режасини белгилаб олдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш