Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология марказида Варшава университети билан ҳамкорликда Археологик таҳлиллар бўйича лаборатория ташкил этилади
Октябрь 12, 2025. 15:09 • 58 сония
• 24
ВАРШАВА, 12 октябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихона кўмагида Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Бахром Абдухалимов бошчилигидаги делегациянинг Польшага сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Фанлар академияси делегацияси аъзолари сафар давомида Варшава университети проректори Самбор Груча билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон Фанлар академиясининг Миллий археология маркази ва Варшава университетининг Археология факультети ўртасида илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, хусусан замонавий илмий методларни жорий этиш, тажриба алмашиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар "ERC Consolidator" гранти доирасида Варшава университети Археология факультети профессори Малгожата Кот раҳбарлигида "INASIA - Улар замонавий одамлар бўлганми? Ғарбий-Марказий Осиёда юқори палеолит муаммоси" номли лойиҳа муваффақиятли тарзда амалга оширилаётганини таъкидладилар.
Учрашув якунида икки мамлакат олимлар жамоаси, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва талабалар иштирокида Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология марказида Варшава университети билан ҳамкорликда Археологик таҳлиллар бўйича интердисциплинар лабораториясини ташкил этиш бўйича шартнома имзоланди.
Шартномага кўра Ўзбекистон олимлари янги лаборатория учун тайёрлаб берилган махсус хоналардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Лабораториянинг жиҳозланиши ва зарур ускуналар билан таъминланиши лойиҳа бюджети доирасида ажратилган грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди