Logo

Ўзбекистон Минск шаҳрида ўтаётган "Belagro-2025" халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмасида иштирок этаяпти

Июнь 04, 2025. 18:14 • 2 дақ

74
Ўзбекистон Минск шаҳрида ўтаётган "Belagro-2025" халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмасида иштирок этаяпти

ТОШКЕНТ, 4 июнь. /"Дунё" АА/. Кеча Беларусь пойтахти Минск шаҳрида "Belagro-2025" халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмаси ўз ишини бошлади, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, ушбу нуфузли анжуманда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой, Эрон каби қатор давлатлардан ташриф буюрган делегациялар ва ишбилармон доира вакиллари қаторида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам ўзининг экспортбоп, экологик тоза ҳамда рақобатбардош маҳсулотлари билан фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистон стендида тақдим этилаётган қуритилган мевалар, шок усулида музлатилган сабзавот ва мевалар, шунингдек, миллий таомларимиз халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Шунингдек, кўргазма доирасида Минск шампан заводи билан ҳамкорликда вино маҳсулотлари учун хом ашёни экспорт қилиш юзасидан "Shato Sog'diana" ва "Original" каби нуфузли корхоналар ўртасида истиқболли келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон бозорига юқори сифатли мол гўштини мақбул нархларда етказиб бериш бўйича янги ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Ушбу келишувлар мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорни барқарор маҳсулот билан таъминлаш ва экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Мазкур кўргазмадаги фаол иштирок Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасининг инновацион ривожланиши, халқаро майдонда миллий брендини мустаҳкамлаш ҳамда янги экспорт бозорларига йўл очишда муҳим қадам ҳисобланади.

"Belagro-2025" халқаро кўргазмаси 7 июнга қадар давом этади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш