Logo

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси делегацияси Германияда самарали учрашувлар ўтказмоқда

Ноябрь 08, 2024. 15:05 • 3 дақ

98
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси делегацияси Германияда самарали учрашувлар ўтказмоқда

ТОШКЕНТ, 8 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адхам Бекмуродов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ташриф билан Германияга борди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Бавария давлат бошқаруви мактаби, Ханнс Зайдель жамғармаси ва бошқа қатор бошқарув кадрларни тайёрлашга масъул муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон давлат хизматчиларининг Германияда малакасини оширишларини ташкил этишдан иборат.


 Ўзбекистон делегацияси аъзолари сафар давомида Бавария давлат бошқаруви мактаби директори Ханс-Кристиан Виттхауер билан учрашув ўтказишди. Унда икки томонлама академик алоқаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.


Сўнгги уч ўқув йилида Давлат бошқаруви академияси ва Бавария давлат бошқаруви мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган 20 га яқин онлайн ва оффлайн ўқув дастурларида 1000 га яқин мамлакатимиз давлат хизматчилари иштирок этиб, ўзларининг бошқарувга оид билимларини Германия тажрибаси асосида оширди.


Бавария давлат бошқаруви мактаби ўқув ишлари проректори Раймунд Хельфрихь билан кечган мулоқот чоғида эса "Ҳокимликка тайёрлаш мактаби" битирувчилари стажировкаси масаласи, шунингдек, мазкур дастурни 2025 йилда янада такомиллаштириш масалалари хусусида фикр алмашилди.


Давлат бошқаруви академияси делегацияси, шунингдек, Ханнс Зайдель жамғармасининг Халқаро ҳамкорлик институти директори доктор Сузанна Лютер билан учрашув ўтказди. Унда 2025 йил февраль ойида Академия тингловчиларининг Мюнхенда стажировкасини молиялаштириш имкониятлари, ва "Ҳокимликка тайёрлаш дастури"ни 2025-2026 йилларда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.


Ханнс Зайдель жамғарма "Демократия, тинчлик ва тараққиёт ҳимоясида" шиори остида ўз фаолиятини дунё бўйлаб олиб боради. Давлат бошқаруви академияси ва Ханнс-Зайдел жамғармаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари 2019 йилда йўлга қўйилган. Ҳамкорлик фаолиятидаги асосий эътибор давлат бошқарувига ихтисослашган кадрларни тайёрлаш, давлат хизматчилари касбий компетенцияларини ошириш, малака ошириш ва стажировка ўташини ташкил этишга қаратилган.


Шу кунгача Академия ва ушбу жамғарма раҳбарияти ўртасида 20 га яқин турли даражадаги расмий учрашувлар ўтказилган.


Ҳамкорликда, 30 га яқин онлайн ва оффлайн тарзда семинар-тренинглар, махсус ўқув дастурлари ташкил этилган. Ушбу ўқув дастурларида 10 мингга яқин давлат хизматчилари, илмий тадқиқотчилар, соҳа мутахассислари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этган.


Шунингдек, ушбу жамғарма Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган кўплаб бошқарув кадрларни тайёрлаш ҳамда малака ошириш дастурларини беғараз молиялаштириб келмоқда.


Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 16 сентябрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Канцлери Олаф Шольц биргаликда қўшма Бошқарув кадрларини тайёрлаш мактабининг очилишига старт берган эдилар.


Лойиҳа Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Ханнс Зайдел жамғармаси ҳамда Бавария давлат бошқаруви мактаби билан ҳамкорликда амалга оширилди. Туман, шаҳарлар раҳбарлик лавозимларига кадрлар захирасини яратиш мақсадида ташкил қилинган дастур тингловчилари Ўзбекистон ва Германияда, замонавий бошқарувга оид илғор билимлар асосида тайёрланади.


Академия делегациясининг Германияга ташрифи давом этмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш