Ўзбекистон ва Австрия ўртасида энергетика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳим келишувларга эришилди
Июнь 19, 2024. 09:47 • 4 дақ
• 191
ВЕНА, 19 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги делегациянинг Венага ташрифи давомида бизнес мулоқот ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир мамлакатимиз элчихонаси ва Австрия Федерал молия вазирлиги ташаббуси билан ўтказилди.
Унда Австрия федерал молия вазири ўринбосари Андреас Райхардт, Австриянинг Ўзбекистондаги элчиси Маттиас Радостич, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги ижрочи директори Дитер Хампел, Юқори технологиялар корпорацияси ижрочи директори Тино Терранео, Кончилик ва металлургия уюшмаси маслаҳатчиси Манфред Кудрна ҳамда "ANDRITZ HYDRO", "AFRY", "ILF Group", "HOT Engineering", "DENK GRÜN Recycling", "Mosdorfer", "ASMAG", компаниялари раҳбарлари иштирок этишди.
Учрашув аввалида Австрия федерал молия вазири ўринбосари Андреас Райхардт жорий йил май ойининг бошида III Тошкент халқаро инвестиция форумида делегация раҳбари сифатида қатнашганини мамнуният билан таъкидлади.
Вазир ўринбосари мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолашини айтиб ўтди. У Ёқилғи-энергетика соҳасини такомиллаштириш, тоза ва "яшил" энергетикага ўтиш каби лойиҳаларни амалга оширишда Австрия компанияларини жалб қилиш масаласида кўмаклашишга тайёр эканлигини изҳор этди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Австрия ўртасида энергетика соҳасида ҳамкорликнинг истиқболларини ўрганиш ва илғор лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш мақсадида ўзаро ишчи гуруҳ тузиш масаласини ҳар икки томон ҳам маъқуллади.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўз навбатида, йиғилганларни давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда сўнгги йилларда энергетика соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништирди.
Бизнес мулоқот якунида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Австрия Федерал молия вазирлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Норберт Шварц, "ANDRITZ HYDRO" компания вице-президенти:
— Бизнинг компаниямиз гидроэнергетика соҳасида дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Компания турбина йўналишида 185 йилдан зиёд, генератор йўналишида эса 125 йилдан зиёд тажрибага эга. Бугунги кунгача биз дунёнинг кўплаб давлатларига қуввати 1-2 Мегаваттлик кичик станциялардан тортиб, то 8 Мегаваттдан ошиқ бўлган станцияларга турбиналарни етказиб берганмиз.
Ҳозирги кунда гидроэнергетика соҳасидаги улкан салоҳиятни инобатга олиб, Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдиряпмиз. Биз мамлакатингиз билан гидроэлектр станцияларни модернизация қилиб, уларни ишлаш самарадорлигини ошириш ва янги насос станцияларни ишга тушуриш лойиҳалари устида ишлаш ниятидамиз.
Бугун Ўзбекистон энергетика вазири билан бўлиб ўтган учрашув менда катта таасурот қолдирди. Бунда биз истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдик.
Клаус Валхер, "AFRY" компанияси бошлиғи:
—Саноат соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга ихтисослашган консалтинг компания вакили сифатида бугунги мулоқотда мен Ўзбекистоннинг энергетика соҳасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида жуда кўп маълумотга эга бўлдим. Мен энергетика соҳасидаги ҳамкорлигимизни кенгайтириш бўйича тақдимот қилдим. Ўйлайманки, эришилган келишувларимиз асосида Ўзбекистондаги фаолиятимизни кенгайтирамиз ва мамлакат ривожланишида ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Оскар Грубер, "ILF Group" компанияси диретори:
— Компаниямиз муҳандислик ва бошқарув соҳаларида катта тажрибага эга. Ўзбекистонда 2021 йилда ўз ваколатхонамизни очганмиз. Тошкент-Самарқанд йўналишидаги йўл қурилиши, газ соҳасида "Мастер план" ишлаб чиқиш лойиҳаларида иштирок этаяпмиз.
Мамлакатингизда "яшил" энергия соҳасини ривожлантириш йўлида кўмаклашишга ва кўплаб лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрмиз. Ушбу лойиҳаларга инвестицияларни жалб қилиш учун биз халқаро молия институтлари, Австрия ҳукумати билан фаол ишлар олиб бормоқдамиз.
Дитхард Кратцер, "HOT Engineering" компанияси раҳбари:
—Бугунги тадбирда иштирок этганимдан хурсандман. Ўзбекистон энергетика вазири билан жуда қизиқарли суҳбат бўлиб ўтди. Ўзаро ҳамкорлигимизнинг истиқболлари тўғрисида келишиб олдик. Яқин кунлар ичида техник мутахассислар билан бирга Ўзбекистонга сафар қилишни режалаштиряпмиз.
Мануэль Майер, "DENK GRÜN Recycling" компанияси ижрочи директори:
—Компаниямиз саноат чиқиндиларидан хом ашё материаллари ва "яшил" энергия ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Биз бу соҳада дунёнинг барча давлатларидаги заводларни бошқара олиш тажрибасига эгамиз.
Мамлакатингиз билан янги лойиҳалар бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.
Йоханн Фильхабер, "ASMAG" компанияси асосчиси ва ижрочи директори:
—Менинг компаниям пўлат ва рангли металлардан электротехника маҳсулотлари ва қуёш панеллари ишлаб чиқаришда қўлланиладиган замонавий ускуналар ишлаб чиқаради.
Айниқса, мисни қайта ишлаш йўналишида катта тажрибага эгамиз. Электр энергияси тизими келажагида мис салмоқли ўрин эгаллаши бўйича барча асослар мавжуд. Ўзбекистон бу хом ашёга бой бўлганлиги учун мамлакатингиз билан янги лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишдан манфаатдормиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди