Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги делегациясининг Корея Республикасига ташрифи самарали якунланди

Ноябрь 07, 2023. 15:43 • 2 дақ

109
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги делегациясининг Корея Республикасига ташрифи самарали якунланди

СЕУЛ, 7 ноябрь. /«Дунё» АА/. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Жанубий Кореяга амалий ташрифи ўз ниҳоясига етди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ташриф давомида Корея Республикаси Персонални бошқариш вазири Ким Син Хо билан мулоқот ташкил этилди. Музокараларда инсон ресурсларини бошқариш ва давлат хизматини ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.


Учрашув якунида томонлар ўзаро Англашув меморандумини имзолашди. Унга кўра, инсон ресурсларини бошқариш жараёнини рақамлаштириш, давлат хизмати ва компетенцияларни баҳолаш масалалари бўйича тажриба алмашиш, раҳбар кадрлар учун Жанубий Кореяда малака ошириш ва стажировка дастурларини ташкил этишга қаратилган қўшма лойиҳалар амалга оширилади.


Бундан ташқари, Отабек Ҳасанов 25 та мамлакатнинг давлат хизматида инсон ресурслари масалалари бўйича масъул раҳбарлари қаторида "Рақамли технологиялар ривожланишининг давлат инсон ресурслари соҳасига таъсири" мавзусида HR-етакчилар форумида иштирок этди.

Шунингдек ўқинг


Форумда Отабек Ҳасанов нутқ сўзлаб, дастлаб давлатимиз раҳбари бошчилигида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталди. Шунингдек, у Ўзбекистонда давлат хизматини рақамлаштириш, жумладан, давлат хизматига кадрларни ишга қабул қилиш, миллий кадрлар захираси, давлат хизматчилари малакасини ошириш, фаолиятини баҳолаш тизимлари ҳамда кадрлар ишини юритиш рақамли технологиялар асосида амалга оширилаётганлиги юзасидан тақдимот ўтказди.


Ташриф доирасида Жанубий Кореяда таҳсил олаётган "Эл-юрт умиди" жамғармаси стипендиатлари ҳамда иқтидорли ёшларимиз билан мулоқот ташкиллаштирилди. Самимий ўтган учрашувда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани таъкидланди.


Юртдошларимизга давлат хизматига иқтидорли ёшларни жалб қилиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди. Ёшларимиз келажак режалари, мавжуд муаммолари, шунингдек, Ўзбекистондаги қатор соҳа ва тармоқларни ривожлантириш бўйича ташаббус ва таклифлари ҳақида сўзлаб берди. 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш