Бухоро вилояти делегацияси Ҳиндистоннинг Карнатака штатида самарали музокаралар ўтказди
Ноябрь 16, 2023. 10:21 • 2 дақ
• 175
ДЕҲЛИ, 16 ноябрь. /"Дунё" АА/. Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегация Ҳиндистоннинг Карнатака штатида амалий ташриф билан бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф доирасида Бангалор шаҳрида икки давлат ишбилармон доиралари ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида бизнес-форум уюштирилди. Унда Ҳиндистоннинг фармацевтика, тўқимачилик, ахборот технологиялари ва бошқа илғор соҳаларида фаолият юритадиган 50 дан ортиқ компания раҳбарлари қатнашди. Шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш масалаларига бағишланган туркум музокаралар ташкил этилди.
Самарали ўтган мулоқотлар якунида қатор амалий келишувларга эришилди.
"MAM Minerals" компанияси билан ҳамкорликда Пешкў туманида графитни қайта ишлаш ва юқори қийматли, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар (электромобиль аккумуляторлари) ишлаб чиқариш лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш масалалари ўрганилди. Ҳинд компаниясининг яқин истиқболда Бухоро вилоятидаги графит конида тадқиқотлар олиб бориш учун ишчи гуруҳ юбориши бўйича келишувга эришилди.
"Online Instruments" компанияси билан Бухоро вилояти ҳудудида замонавий ахборот дисплейлари ишлаб чиқариш бўйича Англашув меморандуми имзоланди. Вилоятдаги мактаблар ва турли идораларни мазкур компания томонидан ишлаб чиқарилган ана шу турдаги замонавий жиҳозлар билан таъминлаш бўйича ҳамфикрлик билдирилди. Шунингдек, "Acharya" университети билан ҳамкорликда мактаб ўқитувчилари ва давлат ташкилотлари ходимлари инглиз тили ва ахборот технологиялари кўникмаларига ўргатилади.
Дунёнинг энг йирик дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари ва етказиб берувчиларидан бири саналган IBM компаниясининг Карнатака штатидаги бўлинмаси билан Қоракўл туманида ташкил этилаётган "Acharya-IT" кластерида ёшларни IBM сертификати асосида ўқитиш, кластер негизида IBM компаниясининг офиси ва лабораториясини ташкил қилишга келишиб олинди.
Бухоро вилоятида "Acharya" университети билан яна бир қўшма лойиҳа бажарилади. Ҳамкорликда ташкил этиладиган янги халқаро мактабда ёшларга илғор замонавий стандартлар асосида таълим бериш имкониятлари яратилади.
"National Travels" сайёҳлик компанияси билан маданият ва туризм йўналишларида қўшма лойиҳалар амалга ошириш, хусусан, зиёрат туризми доирасида Бухорога сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар кўрилади. 2024 йил январь-февраль ойларида Бухоронинг туризм салоҳиятини янада кенг тарғиб қилиш мақсадида мазкур компания томонидан ҳинд етакчи оммавий ахборот воситалари ҳамда туристик агентликлари вакилларидан иборат делегациянинг кўҳна шаҳарга ахборот сафари ташкил этилади.
Делегациянинг амалий сафари доирасида Ҳиндистон тадбиркорлари билан Бухоро вилоятида турли соҳалардаги лойиҳаларга қаратилган 15 та Англашув меморандуми имзоланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди