Ўзбекистон делегацияси Афғонистонда қурилиш ва инфратузилма соҳасидаги лойиҳаларни таклиф этди
Октябрь 19, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 97ҚОБУЛ, 19 октябрь. /“Дунё” АА/. “O‘zshaharsozlik LITI” бош директори Бобур Элмуродов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси қурилиш, уй-жой ва инфратузилма соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш мақсадида Қобулга келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Шу куни Ўзбекистон делегацияси Афғонистон шаҳарсозлик ва уй-жой қурилиши вазирининг молиявий масалалар бўйича ўринбосари Насиҳ Раббоний ва бошқа мутахассислар билан учрашди.
Афғонистон томони икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг дўстона хусусиятини таъкидлаб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга афғон халқини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, у ўзбек компанияларининг Афғонистондаги йирик қурилиш ва инфратузилма лойиҳаларида иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга тайёрлигини билдирди.
Бобур Элмуродов “O‘zshaharsozlik LITI” ва “Kommunal LITI” фаолияти билан таништириб, қатор ташаббусларни илгари сурди. Улар орасида Қобул шаҳрида ишбилармонлик мажмуаси ва турар-жой биноларини қуриш, шаҳар халқаро аэропорти яқинидаги 60 гектар майдонда замонавий турар-жой ва ижтимоий мажмуани барпо этиш, “Ҳайратон” саноат зонасида лойиҳаларни амалга ошириш ва Мозори Шарифда Ўзбекистонга сифатли гўшт маҳсулотларини етказиб бериш учун гўштни қайта ишлаш кластерини ташкил этиш бор.
Музокаралар якунида Қобул шаҳрида “O‘zshaharsozlik LITI” ваколатхонасини очиш ва афғонистонлик мутахассисларнинг қурилиш соҳасида малакасини оширишни ташкил этиш таклиф қилинди. Октябрь ойида Афғонистоннинг тегишли вазирлигида техник учрашувлар, Кобулда амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, “Янги Кобул” ташаббуси билан танишиш режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


