Logo

Исломобод шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Илм-фан жамғармаси билан истиқболли лойиҳаларда ҳамкорлик қилишга келишилиб олинди

Декабрь 30, 2024. 07:53 • 2 дақ

228
Исломобод шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Илм-фан жамғармаси билан истиқболли лойиҳаларда ҳамкорлик қилишга келишилиб олинди

ИСЛОМОБОД, 30 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев 25 декабрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Илм-фан жамғармаси (ECO Science Foundation, ECOSF) президенти Сейед Комаил Тайеби билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Жамғарма президенти Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакатда илм-фанни ривожлантириш ва илмий фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, таълимнинг барча даражаларида инновацион ёндашувлар ва ечимларни жорий этиш, ёшларнинг ахборот технологиялари, амалий фанларга қизиқишини орттириш борасидаги қатъий сиёсати, профессионал кадрларни тайёрлаш борасидаги ташаббусларини юксак эътироф этди.

"Ўзбекистон сўнгги йилларда илм-фан ва таълимни ислоҳ қилиш, "яшил" энергетика, ахборот технологияларини жамият ҳаётига кенг татбиқ қилиш бўйича мисли кўрилмаган натижаларга эришди. Биз дўст Ўзбекистоннинг ютуқларидан хурсандмиз ва бундай юқори натижалардан илҳомланяпмиз" – қўшимча қилди Сейед Комаил Тайеби.

ECOSF раҳбари Янги Ўзбекистонда таълим ва инновациялар йўналишида ноёб тажриба яратилганини, истиқболли "Бир миллион дастурчи" лойиҳаси, Президент мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилгани яқин келажакда ижобий натижалар беришига ишонч билдирди.

Мулоқот давомида мамлакатимизда замонавий IT-ечимлар, электрон ҳукумат лойиҳалари натижасида қўшимча қулайликлар яратилаётгани, IT-парклар фаолияти, соғлиқни сақлаш, энергетика, транспорт, таълим, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини оқилона бошқариш соҳаларида инновацион ишланмалар тўғрисида маълумот берилди.

Жамғарма билан алоқаларини йўлга қўйиш, тадқиқот дастурлари, қўшма лойиҳаларда мамлакатимиз вакиллари иштирокини янада чуқурлаштириш, илмий-академик доиралар ўртасида мулоқотни тизимлаштириш борасидаги таклифлар кўриб чиқилди.

Инсон капиталини ривожлантириш, илмий-маданий меросни ўрганиш, қайта тикланувчи энергия манбалари, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, транспорт ва логистика соҳаларида қўшма тадқиқотлар ўтказиш масалалари келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш