Logo

Нуфузли "Biotropics Malaysia Berhad" компанияси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Ноябрь 22, 2025. 11:44 • 2 дақ

76
Нуфузли "Biotropics Malaysia Berhad" компанияси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди

КУАЛА-ЛУМПУР, 22 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Элчиси Каромиддин Гадоев бошчилигида Малайзиянинг "Biotropics Malaysia Berhad" компанияси бошқарув директори Хализа Рамли ҳамда "Zomin Pharm" МЧЖ директори ўринбосари А.Мирзаев ўртасида учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакат фармацевтика ва озиқ-овқат саноатига хориждан янги сармояларни жалб қилиш мақсадида ташкил этилган учрашувда малайзиялик мутахассислар билан Ўзбекистонда табиий соғломлаштириш маҳсулотлари ҳамда функционал озиқ-овқатлар учун ингредиентларни ишлаб чиқариш масалалари муҳокама қилинди.

2007 йилда ташкил этилган "Biotropics Malaysia Berhad" компанияси Малайзияда турли гиёҳлар ва доривор ўсимликлардан замонавий илмий тадқиқотлар асосида юқори сифатли табиий соғломлаштириш маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бугунги кунда компания маҳсулотлари дунёнинг 35 давлатларига экспорт қилинмоқда.

Юртимиз вакиллари ҳамкорликнинг дастлабки босқичида Жиззах вилояти "Zomin Pharm" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида компания томонидан ишлаб чиқарилаётган махсус стандартлаштирилган экстрактлар, тўлиқ табиий озуқавий қўшимчалар, нутритсевтик, функционал озиқ-овқат мақсадларда қўлланиладиган таркибий қисмларни қадоқлашни йўлга қўйиш ва кейинчалик уларни ҳамкорликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун барча зарурий шароитларни яратиб беришга тайёрлигини билдирди.

Хализа Рамли яқин келажакда Ўзбекистонга ташриф буюриши ва мамлакатимизда яратилган инвестиция муҳити, "Zomin Pharm" фаолияти билан танишиш, минтақа бозорига мос табиий соғломлаштириш маҳсулотлари ва биологик фаол қўшимчаларни ҳамкорликда қадоқлаш ҳамда кейинчалик уларни ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиб чиқишини маълум қилди.

Учрашув сўнггида "Zomin Pharm" МЧЖ ва "Biotropics Malaysia Berhad" компанияси ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида "Biotropics" маҳсулотларини етказиб бериш, қадоқлаш, ишлаб чиқариш ва сотишни ўз ичига олган озиқ-овқат ва фармацевтика саноатида қўшма ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси