Logo

Гулистон ва Донгуань шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилди

Июль 19, 2025. 13:04 • 2 дақ

68
Гулистон ва Донгуань шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилди

ДОНГУАНЬ, 19 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Гуанчжоудаги Бош консулхонаси кўмагида Гулистон ва Хитойнинг Донгуань шаҳарлари ҳокимлари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот давомида Гулистон ва Донгуань шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик ва биродарлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида меморандум имзоланди.


Томонлар мазкур ҳужжат шаҳарлараро амалий ҳамкорликка кенг йўл очишини ва ўзаро ташрифлар орқали ҳудудлараро бизнес алоқаларни жадал ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидладилар.


Гулистон шаҳар ҳокими Жамолиддин Ходжиманов ҳудуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда Донгуань компанияларининг ишлаб чиқаришдаги бой тажрибасини татбиқ этишга, бизнес доиралари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш орқали саноат кооперациясини йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.


Донгуань шаҳри мэри Лью Чэнси сўнгги йилларда Хитой–Ўзбекистон муносабатлари ўз бошидан энг яхши даврни ўтказаётганини қайд этди.


– Жорий йил июнь ойида бўлиб ўтган навбатдаги учрашувда мамлакатларимиз раҳбарлари Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик ва барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари юксак даражага кўтарилганини мамнуният билан қайд этдилар. Бу эса ўз навбатида, Донгуань ва Гулистон шаҳарлари ўртасида ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда дўстона муносабатларни ривожлантириш учун катта имконият яратади, – деди мэр Лью Чэнси.


Донгуань шаҳри Хитойнинг юқори даражада саноатлашган шаҳарларидан бири саналади. Шу йил январь-май ойларида Ўзбекистон ҳудудларининг ушбу шаҳар билан умумий савдоси 32,5 фоизга ўсиб, юқори ривожланиш салоҳиятини намойиш этди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш