Logo

Хитой компанияси Ўзбекистонда "ақлли" логистика омборларини қурмоқчи

Июнь 23, 2025. 14:36 • 2 дақ

59
Хитой компанияси Ўзбекистонда "ақлли" логистика омборларини қурмоқчи

ТОШКЕНТ, 23 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамлов ва Хитойнинг "ZTO Express" компанияси президенти Ху Сянлян ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, мулоқот чоғида мамлакатимиз транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш, ушбу йўналишда Хитой компаниялари ва молия ташкилотлари билан ҳамкорликда янги инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама этилди.

Шунингдек, учрашувда "ZTO Express" вакиллари томонидан компания фаолият йўналишлари юзасидан тақдимот ўтказилди. Унда таъкидланишича, компания логистика хизматлари соҳасида катта мавқега эга бўлиб, юкларни қабул қилиш, сақлаш, саралаш ҳамда омборлардан якуний истеъмолчиларгача бўлган юк етказиб бериш хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади. "Alibaba Group", "JD.com", "Pinduoduo" каби йирик электрон тижорат операторлари компаниянинг асосий мижозлари ҳисобланади.

Самарали кечган музокаралар давомида компания президенти Ху Сянлян Ўзбекистонда қуйидаги йўналишларда ҳамкорликдаги лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлигини маълум қилди. Жумладан, аэропортлар ҳудудида омборхоналар барпо этиш ва жиҳозлаш, "ақлли" логистика омборларини ташкил этиш, Ўзбекистон ҳудудида асбоб-ускуналарни йиғиш ва кейинчалик қўшни мамлакатларга экспорт қилиш учун саноат паркларини ташкил этиш ҳамда божхона расмийлаштируви тизимини ахборотлаштириш.

Ўз навбатида, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов "ZTO Express" компаниясига Навоий вилояти ҳудудида логистика марказларини барпо этиш, Тошкент давлат Транспорт университети билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, университет талабалари ва ўқитувчилари учун Хитой логистика хизматлари соҳасидаги тажрибани ўрганишга қаратилган ўқув дастурларини ташкил этиш каби қатор таклифларни илгари сурди.

Мулоқот якунида томонлар муҳокама этилган масалалар бўйича кейинги қадамларни белгилаш мақсадида ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш