Logo

Хоразм вилояти делегациясининг Ҳиндистонга амалий ташрифи доирасида икки томонлама муносабатларни фаоллаштиришга қаратилган 50 дан ортиқ учрашув ва музокаралар ўтказилди

Июль 23, 2024. 10:19 • 2 дақ

184
Хоразм вилояти делегациясининг Ҳиндистонга амалий ташрифи доирасида икки томонлама муносабатларни фаоллаштиришга қаратилган 50 дан ортиқ учрашув ва музокаралар ўтказилди

ДЕҲЛИ, 23 июль. /"Дунё" AA/. Хоразм вилоятидаги олий таълим муассасалари ректорлари ва тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат делегация амалий ташриф билан Ҳиндистонда бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз элчихонаси  кўмагида ташкил этилган ташриф дастури доирасида делегация аъзолари Деҳли шаҳри, Карнатака ва Тамилнаду штатларида самарали музокаралар ўтказиб, икки томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштиришга қаратилган меморандумлар имзолади.


Хоразм вилояти вакиллари ва ҳиндистонлик ҳамкорлар ўртасида бўлиб ўтган 50 дан ортиқ учрашув, музокаралар ва тақдимот маросимларида мамлакатимиз олий таълим соҳасининг улкан салоҳияти, ёшларнинг замонавий ва талаб юқори бўлган касбларни эгаллаши учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Ушбу йўналишда амалга оширилаётган халқаро ҳамкорлик кўламига алоҳида эътибор қаратилиб, биргаликда янги қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди.


Ўзбекистон элчихонасида Ҳиндистон Импортчилар савдо-саноат палатаси ҳамда Электрон ва компьютер дастурлари экспортини қўллаб-қувватлаш кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган мамлакатимиз ахборот технологиялари тармоғининг тақдимот маросимида 30 дан ортиқ етакчи компаниялар вакиллари иштирок этди. Тадбирда ҳиндистонлик ишбилармонлар қўшма корхоналар ташкил қилиш, тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий ҳимояси, хорижлик сармоядорларга тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар ва бошқа долзарб масалаларга оид саволларига жавоб олди.


Ҳиндистон таълим вазирининг ўринбосари Санжай Мурти, Ахборот технологиялари ва электроника вазирлиги АКТ департаменти бошлиғи Сушил Пал билан мулоқотлар чоғида икки мамлакат ўртасида таълим ва ахборот технологиялари соҳасида изчил ривож топиб бораётган фаол шерикликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди. Хоразмда ахборот технологиялари марказларини яратиш жараёнига Ҳиндистоннинг илғор олий билим юртларини жалб қилиш, уларнинг бой тажрибасини вилоят университет ва институтларида татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.


Жаваҳарлаъл Неру ва Амити университетлари, Деҳли ва Мадрас шаҳарларидаги Ҳиндистон технология институти, Ачарья институтлар гуруҳи, Веллор технология институтида ўтказилган амалий музокаралар чоғида мазкур етакчи олий таълим муассасалари билан алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, Амити университети билан ҳамкорликда Хоразм вилоятида ахборот технологияларига ихтисослашган олий билим юртини ташкил этиш бўйича лойиҳа ўрганиб чиқилди, Веллор технология институти делегациясининг Хоразмга ташрифини уюштириш бўйича келишувга эришилди.


Томонлар илғор ва бугунги кун талабларига жавоб берадиган мутахассисларни тарбиялаш, уларни иш билан таъминлаш, таълим ва ишлаб чиқариш жараёнлари уйғунлигига эришиш, ёш авлод вакилларининг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилишдан ўзаро манфаатдорлик билдирди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш