Хитойнинг Цзясин шаҳрида ўзбекистонлик талабалар учун таълим дастурлари ташкил этилади

Октябрь 27, 2026. 09:00 • 2 дақ

• 109
Хитойнинг Цзясин шаҳрида ўзбекистонлик талабалар учун таълим дастурлари ташкил этилади
Хитойнинг Цзясин шаҳрида ўзбекистонлик талабалар учун таълим дастурлари ташкил этилади
Хитойнинг Цзясин шаҳрида ўзбекистонлик талабалар учун таълим дастурлари ташкил этилади

ЦЗЯСИН, 27 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Шанхайдаги консулхонаси дипломатлари Хитойнинг Чжэцзян провинциясига сафари давомида Цзясин Нанян политехника институти (SNPI) проректори Ливей Фен билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат чоғида академик алмашинув, Хитой томонининг моддий кўмагида ўзбекистонлик талабалар учун икки ва уч йиллик таълим дастурларини йўлга қўйиш, талаба ва ўқитувчилар учун қисқа муддатли курсларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўқув жараёнларини муҳандислик, ҳамширалик иши, транспорт, тўқимачилик саноати, электромобилларни таъмирлаш, янги энергетика ва сунъий интеллект каби талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича ташкил этиш режалаштирилди.

Шунингдек ўқинг

SNPI 2002 йилда Шанхай Цзяо Тун университети кўмагида ташкил этилган хусусий профессионал олий таълим муассасаси саналади. Институтда 12 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. Таълим дастурлари 7 та ихтисослаштирилган мактабга бирлаштирилган 30 дан ортиқ мутахассисликни қамраб олади.

Томонлар амалий тайёргарлик масаласига алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистонлик талабалар таълим дастурлари ва қисқа муддатли курслар доирасида Цзясин шаҳридаги етакчи ишлаб чиқариш корхоналари, тиббиёт муассасалари, метрополитен ва темир йўл вокзалларида касбий тажриба орттириш имкониятига эга бўлишади.

Хитойлик мутахассислар Ўзбекистон техникумлари билан ҳамкорликнинг амалий механизмларини муҳокама қилиш ва келишувлар имзолаш мақсадида жорий йилнинг ноябрь ойида Ливей Фен бошчилигидаги делегацияни Ўзбекистонга юборишга тайёрлигини маълум қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш